Лифтларни ўрнатиш ва назорат қилиш тартиби кучайтирилмоқда

Кеча АОКАда ўтказилган брифингда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Бекзод Бердиев лифтларни ўрнатиш тартиби ва назорати бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, бугунги кунда кўп қаватли уйлар шаҳар инфратузилмасининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Улардаги лифт қурилмалари эса фақат ҳаракат воситаси эмас, балки инсон хавфсизлиги ва кундалик қулайлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади. Шу боисдан, уларнинг сифати, хавфсизлиги ва энергия тежамкорлигига катта эътибор қаратилмоқда.
2025 йил 1 майдан бошлаб мамлакатимизда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими доирасида “Хавфсиз лифт” номли ягона идоралараро электрон платформа фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур тизим Вазирлар Маҳкамасининг лифт ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш, сифат назоратини кучайтириш ва аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида жорий этилган.
Эндиликда янги қурилаётган кўп квартирали уй-жойлардаги лифт ускуналарини давлат рўйхатидан ўтказиш фақат “Хавфсиз лифт” платформаси орқали амалга оширилади. Агар бу талабга риоя қилинмаса, бундай бинолар фойдаланишга қабул қилинмайди.
–Платформада рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари лифтларга оид барча зарур ҳужжатлар – сертификат, паспорт, далолатнома ҳамда техник хизмат кўрсатувчи ташкилот билан тузилган шартномаларни юклайди ва электрон ариза юборади. Ушбу ариза қўмита ҳудудий бўлимига йўналтирилиб, тегишли мутахассис томонидан кўриб чиқилади. Мутахассис ҳужжатлар билан танишган ҳолда жойига чиқиб, локацияни белгилайди ва талабларга жавоб берса, қабул қилиш тугмасини босади. Агар белгиланган техник шартлар, масалан, кузатув камераси, икки томонлама овоз узатгич, диспетчерлик марказига уланиш ва ARD қурилмаси мавжуд бўлмаса, рад этиш тугмаси босилади ва ариза автоматик равишда буюртмачига қайтарилади.
Қабул қилинган ҳолларда эса ҳужжатлар ташкилотимизга юборилиб, рўйхатдан ўтказилади ва буюртмачига QR-кодли маълумотнома тақдим этилади. Ушбу QR-код лифт кабинасида кўзга кўринадиган жойда жойлаштирилиши талаб этилади. Фуқаролар ушбу QR-кодни телефони орқали сканер қилганида, лифт ускунаси тўғрисидаги барча маълумот – ўрнатган ташкилот, хизмат кўрсатувчи компания, сўнгги техник кўрик натижалари ва ўрнатилган сана ҳақида маълумотлар акс эттирилади. Платформада лифтларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестри юритилиб, уларнинг рухсатномалари, амал қилиш муддати ва мутахассислари ҳақидаги маълумотлар ҳам киритиб борилади , – деди Б.Бердиев.
Брифингда маълум қилинишича, келгусида ушбу платформа орқали республикадаги барча лифт ускуналарини реал вақт режимида мониторинг қилиш имконияти яратилади. Ҳозирги кунда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси иштирокида лифтлар билан боғлиқ фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари сони 103 тадан 141 тага етказилган. Шунингдек, соҳа учун зарур кадрлар тайёрлаш мақсадида 286 нафар мутахассис Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги “Мономарказ”ларда ўқитилиши ташкил этилган.
Тадбиркорлик субъектлари учун қулайлик яратиш мақсадида Қўмита тасарруфидаги “Саноат хавфсизлиги” давлат муассасаси Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ўз филиалларини очган. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва тизимли чора-тадбирлар лифт ускуналарининг техник ҳолатини яхшилаш, хавфсизликни таъминлаш, аварияларнинг олдини олиш, диспетчерлик хизматларини ривожлантириш ва тўлиқ мониторингни ташкил этишга қаратилган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА