Меҳнат муносабатларидаги масалалар муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси судида «Фуқаролик ишлари бўйича судларда меҳнат низоларини кўриб чиқиш ва келгусида бундай низоларнинг олдини олиш чоралари» мавзусида тегишли соҳа вакиллари учун амалий семинар ташкил этилди.
Тадбир давлат органлари, корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган юристлар учун мўлжалланган бўлиб, меҳнат қонунчилигига риоя қилиш, амалда учраётган муаммоларни муҳокама қилиш ва суд амалиётини такомиллаштиришга қаратилди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари А.Керимбаев янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодекси ва ундаги ҳуқуқий нормаларнинг аҳамияти, уларни амалиётда тўғри қўллаш масалалари ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2025 йилнинг 6 ойи давомида меҳнат муносабатларига оид жами 551 та фуқаролик иши кўриб чиқилган бўлиб, ишларнинг 328 таси, яъни 59,5 фоизи бўйича даъво аризалари қаноатлантирилган. Ишга тиклаш ҳақидаги низолар бўйича кўрилган 150 та ишнинг 78 таси ёки 52 фоизи бўйича иш берувчиларнинг буйруқлари ноқонуний деб топилиб, ходимлар ишга тикланган.
Ишга тиклаш тўғрисидаги низолар соҳалар (масъул субъектлар) кесимида таҳлил қилинганда, 2025 йилнинг 6 ойида кўрилган ишга тиклаш тўғрисидаги низоларнинг 34 таси банк, 31 таси мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари, 19 таси соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотлар, 9 таси ички ишлар органлари, 5 таси сув таъминоти корхоналари, 5 таси бандликка кўмаклашиш марказлари, 4 таси маданият бўлимлари, 3 таси ҳокимликлар ва 40 таси бошқа давлат органлари ҳиссасига тўғри келади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари Ж.Расулов ва А.Аяпов, фуқаролик ишлари бўйича судьялар, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, меҳнат муносабатларида учраётган қонунбузарлик ҳолатларини атрофлича таҳлил қилди ва ўзаро фикр алмашди.

Хусусан, ходимларни ишдан бўшатишда белгиланган тартибларга риоя қилинмаётгани, иш берувчилар томонидан ходимларни бошқа лавозимга ўтказишда расмийлаштиришда камчиликларга йўл қўйилаётгани, меҳнат шартномаларининг ноқонуний равишда бекор қилиниши, кечиктириб тўланган иш ҳақи учун суд орқали компенсация ундириш каби ҳолатлар муҳокама қилинди.
– Ўтказилган семинарнинг асосий мақсади ҳам меҳнат соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, меҳнат муносабатларида барқарорликни таъминлаш, тажриба алмашиш, янги Меҳнат кодекси нормаларини тўғри қўллаш ва суд амалиётини мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси суди Ахборот хизмати раҳбари Гулойим Ғаниева.

Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агенти