Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги дипломатик муносабатлар мутахассис эътирофида

Аввал хабар қилинганидек, Миллий матбуот марказида Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг юртимизга ташрифига доир тадбирларни ОАВ ходимлари онлайн кузатиб бормоқда.
Унда қатнашаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Баҳром Сотиболдиевнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
– Бугунги кунда икки мамлакатнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Бунда энг асосий масала иқтисодий муносабатлар ҳисобланади. 2017-2018 йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқалар барча тармоқларда ривожланмоқда. Биргина ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошгани ҳам фикримиз далилидир. Бу жараён айрим соҳаларда 220 фоизни ташкил этмоқда.
Мамлакатимизга Беларусь қандай маҳсулотлар етказиб бермоқда, бу жараёнда Ўзбекистоннинг манфаати қандай, деган саволларга келсак, биринчи галда Беларусдан машинасозлик, кимё саноати, фармацевтика ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб оляпмиз.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тоғ-кон саноатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда “БелАЗ” русумли юк автомашиналарининг соҳага ривожида муносиб ўрни бор. Улар ўзининг сифат жиҳатдан юқорилиги, тежамкор ва арзонлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, Беларусь давлатида қишлоқ хўжалиги техникалари, хусусан, тракторлар ишлаб чиқариш саноати ҳам яхши ривожланган.
Сўнгги йилларда Беларусда фармацевтика ҳам жадал тараққий этмоқда. Шу боис ўзбекистонлик ишбилармонлар беларуслик ҳамкасблари билан қўшма корхоналар ташкил этишга алоҳида қизиқиш билдирмоқда.

 

ЎзА