Ҳиндистонда ит қишлоқ аҳлини кўчкидан қутқариб қолди

191

Ҳиндистондаги қишлоқлардан бирида ит безовта ҳуриб, 67 кишини юз берган кўчкидан огоҳ қилди ва қутқарди. Бу ҳақда NDTV телеканали хабар тарқатган. Айни кунларда Ҳимачол-Прадеш штатида момақалдироқ билан кузатилаётган кучли муссон ёмғири кўчки ва тошқин ҳам келтириб чиқаряпти. Жонивор эгаси айтишича, унинг тўрт оёқли дўсти кучли ёмғир пайти тўсатдан баланд овозда ҳура бошлаган, кейин ваҳимали увиллаган.

– Мен ит ҳуришидан уйғониб кетдим, – дея манбанинг сўзларини келтирган телеканал. – Итга яқинлашганимда уй деворидаги каттагина ёриқдан сув оқа бошлаганини кўрдим. Дарров бирга пастга югурдик ва ҳаммани уйғотдик.

Хуллас, эркак қишлоқдошларини уйғотиб, хавфсиз жойга ўтишни маслаҳат берган. Шундан сўнг тез орада қишлоққа кўчки ёпирилди.

– Манди туманида ит ҳуриши хавотир уйғотди, – дейди мухбир. – Натижада 20 оиладан 67 киши хавфли ҳудудни тарк этишга улгурди. Ҳозир қишлоқда атиги тўрт-беш уй кўриниб турибди, қолгани вайрона остида.

С.Раҳимов, ЎзА