Уруғликлар сифатини баҳолаш учун QR-код тизими жорий этилади

167

Ўзбекистонда уруғликлар сифатини баҳолашнинг янги тизими жорий этилади. Бу тизим орқали ҳар бир уруғлик қадоқлари рақамли QR-кодли ёрлиқлар билан таъминланади.

-Деҳқон ва фермер хўжаликлари уруғлик сотиб олганларида уруғликлар сифатсиз чиққани исботланса, уруғликни сотган корхона томонидан зарарни қоплаш бўйича мажбурият белгиланди.

-Эндиликда, уруғликлар ҳақидаги барча маълумотлар – нав тавсифномаси, навдорлик ва экинбоплик сифатлари, ишлаб чиқарувчи ва уруғлик ҳақидаги зарурий маълумотларни QR-код орқали (смартфон ёрдамида) бир зумда кўриш имконияти пайдо бўлади.

Ўзбекистонда янги тизим доирасида уруғликларни сифатини баҳолаш бўйича “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” ягона ваколатли ташкилот сифатида белгиланади.

Янги тизим икки босқичли баҳолашни назарда тутади:

– биринчи босқичда: уруғликларнинг навдорлик сифатларини баҳолаш;

-иккинчи босқичда : уруғликларнинг экинбоплик сифатларини баҳолаш.

Бунда, уруғликдан фойдаланувчилар уруғлик харид қилиш вақтида рақамли QR-кодли ёрлиғи мавжудлигини текшириб олиш орқали сифати кафолатланган уруғликка эга бўлади.

Эндиликда, барча деҳқон, фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчи субъектларнинг реестри, уруғликларнинг сифатларин баҳолаш натижалари рейтинги билан agroxizmat.uz расмий веб-сайт орқали танишиб бориш имконияти яратилади.

Халқаро тажрибага асосланиб, янги тизим доирасида ISTA ва OECD қоидалари бўйича меъёрий ҳужжатлар мослаштирилади.

Натижада, янги тизим жорий этилиши билан экспортбоп, юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эришилади.