ШҲТга аъзо давлатларнинг стандартлаштириш соҳасида ҳамкорлик йиғилиши бўлиб ўтди

Савдо алоқаларини ривожлантириш Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилади. Хитойнинг Синдао шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров иштирок этиб,
ўзаро амалий ҳамкорлик фаоллашгани, техник тартибга солиш тизимларини яқинлаштириш ва нотариф тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш масалаларига эътибор қаратди.
Дарҳақиқат, стандартлаштириш соҳасига замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллектни жорий этиш, маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини таъминлашда бозор назоратини йўлга қўйиш, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масаласи ҳамиша муҳим саналади.
Юртимиз вакиллар томонидан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан соҳа йўналишида кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди, дейилади Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги маълумотида.
Тадбир якунига кўра соҳа йўналишларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган «Йўл харитаси» ишлаб чиқишга келишиб олинди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА