Бўзатовда ишлаб чиқариш корхоналари кўпаймоқда

138

Сўнгги йилларда Бўзатов туманида тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолига хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш жойларини очиш бўйича қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Бўзатов посёлкаси аҳолиси Қувватбой Жуманазаров ва Мирас Жолдасбаевлар ҳам давлатимиз Президенти ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан ўзларига яратилаётган шундай қулай шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланиб келмоқда.

Хусусан, «Қувват Блок» масъулияти чекланган жамияти раиси Қувватбой Жуманазаров туман ҳудудида пенаблок ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлса, Мирас Жўлдасбоев «Тошлоқ Бузатов Мебеллари» масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, темирдан стол ва стуллар, ёғочдан турли мебеллар ишлаб чиқара бошлади.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистонлик тадбиркорларга солиқ ва электр энергияси бўйича яратиб берган имтиёзларидан фойдаланиб, жорий йилнинг апрель ойида корхонамизни ишга туширдик, – дейди «Тошлоқ Бузатов Мебеллари» масъулияти чекланган жамияти раиси Мирас Жолдасбаев.

– Илгари Нукусдаги «Кушмаг» ва «Кардар» корхоналарида, Қозоғистон Республикасида ишлаб, ҳунар ўргандим, – дейди «Қувват Блок» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қувватбой Жуманазаров. Ҳозирча ёмон эмас, жамиятимизда 3 кишининг бандлиги таъминланди. Бундай қулайликларни яратиб бергани учун Президентимизга катта раҳмат айтамиз.

Шунингдек, Бўзатов тумани ҳокимлигининг қўллаб-қувватлаши билан ҳудуд фуқароси Илҳом Жумабоев ҳам турли пластик маҳсулотлардан акфа ойналар ишлаб чиқариш ишларини кенгайтириб, аҳолига арзон ва сифатли ойналар етказиб бермоқда.

«Талаблига нур ёғар» дегани шу бўлса керак.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.