Сайёр суд – ҳушёрликка ундайди

Ҳуқуқбузарликка қарши кураш – жамият тинчлиги ва тараққиёти учун асосий омиллардан бири. Чунки одамларнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши, аввало, қонун устуворлиги ва жамоат тартибининг таъминланишига боғлиқ.
Айнан шу мақсадда, сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб сайёр суд мажлислари ўтказилмоқда. Ўтказилаётган суд жараёнлари аҳолига нисбатан нафақат қонуний жазо қўллаш, балки профилактик ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шундай сайёр суд мажлисларининг навбатдагиси Беруний туманидаги Бўстон маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилди. Йиғилишни жиноят ишлари бўйича Беруний тумани судининг тергов судьяси Ибрайим Алланиязов бошқариб борди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, турли ҳуқуқбузарликлар содир этган 14 нафар шахснинг иши кўриб чиқилди.

Суд жараёнида айбига иқрор бўлиб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган шахсларга огоҳлантириш ва жарима тайинланди. Бироқ, ўз қилмишини тўлиқ англаб етмаган ҳуқуқбузарларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган қатъий жазо чоралари қўлланилди.
Суд мажлиси давомида нафақат ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилди, балки ҳудуд аҳолиси иштирокида ҳуқуқий тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди. Бунинг натижасида фуқаролар, айниқса, ёшлар қонун олдида ҳамма жавобгар эканини ва ҳар қандай ҳуқуқбузарлик жазога сабаб бўлиши мумкинлигини ўзлари англаб етди.
Бундай очиқ сайёр судлар – огоҳлик сабоғи. У нафақат қонунбузарга тегишли жазо белгилабгина қолмай, балки, бошқаларга ҳам сабоқ бўлиб хизмат қилади. Энг асосийси – фуқароларда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга, ҳудудларда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.