Россия Украина томонга йирик ҳаво ҳужуми уюштирди

126

АҚШ президенти Дональд Трамп Киевга кўпроқ ҳарбий ёрдам беришга ваъда берганидан бир неча соат ўтиб, РФ Украина томонга дронлар ва баллистик ракеталар билан зарбалар йўллади. Бу ҳақда “CNN” нашри ёзмоқда.

Хабарда таъкидланишича, Россия Украина томонга жами 728 та дрон ва 13 та ракета учирган. Украина ҳарбий ҳаво кучлари 718 та дрон уриб туширилганини маълум қилди.

– Ҳаво ҳужуми оқибатида Киев шаҳридаги турар жой бинолари, автомобиллар, омборлар, офис ва нотурар бинолар ёниб кетди, – деди Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко. – Оқибатда икки киши ҳалок бўлди, 14 киши яраланди.

У шунингдек, пойтахтнинг олтита туманида ҳужум оқибатлари қайд этилганини ва шаҳарда ҳаво ифлосланиши кучайганлиги сабабли аҳолидан ўз уйлари деразаларини очмаслигини сўраган.

– Мазкур ҳужум тинчликка эришиш ва ўт очишни тўхтатишга бўлган уринишларни пучга чиқармоқда, -деди Украина етакчиси Владимир Зеленский. – Яқинда Россия Украина томонга 18 та баллистик ракета ва тахминан 400 та дрон учирганди. Ҳужум деярли ўн соат давом этди. Русларнинг асосий нишони пойтахт Киев бўлган.

Хорижий ОАВда айтилишича, Украина ғарбидаги Хмелницкий шаҳрида бир нафар фуқаро дрон ҳужуми натижасида ҳалок бўлган.

Ў.Алимов, ЎзА