Абу-Дабида аэротакси синовлари бошланди

Технологик тараққиёт самовий транспорт воситаларини ҳақиқатга айлантирмоқда. Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби шаҳрида илк бор аэротаксилар синовдан ўтказила бошланди. Мазкур лойиҳа устида ишлаётган Archer Aviation компанияси ўзининг илк электр ҳаво транспорт воситаси – Midnight номли аэротаксисини синов режимида учирди. Парвозлар Абу-Дабининг Ал-Батин аэропортида амалга оширилмоқда.
Archer Aviation томонидан ижтимоий тармоқларда берилган расмий баёнотга кўра, синовлар муваффақиятли ўтмоқда ва бу босқич — аэротаксиларни тижорат мақсадларида фойдаланишга тайёрлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади. Midnight модели тўлиқ электр энергиясида ишлайди, вертикал равишда кўтарилиши ва қўниши мумкин, бу эса уни айниқса шаҳарларда фойдали қилади. Унинг максимал тезлиги соатига 240 километрга етиши, парвоз масофаси эса 160 километрни ташкил қилиши айтилмоқда.
Абу-Даби ҳукумати ушбу технологияни жорий этиш орқали шаҳар транспортидаги юкламани камайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва келажакда ҳаракатланишнинг янада тез ва қулай шаклларини тақдим этишни мақсад қилган. БАА, хусусан, Дубай ва Абу-Даби шаҳарлари, сунъий интеллект, автоном транспорт ва “ақлли шаҳар” лойиҳалари орқали инновациялар марказига айланишни мақсад қилмоқда.
Шунингдек, Archer Aviation ва Абу-Даби Транспорт бошқармаси ўртасида тузилган келишувларга кўра, яқин йилларда аэротаксиларни мунтазам йўловчи ташиш хизматига татбиқ этиш режалаштирилган. Бу эса БААни ҳаво такси хизмати бўйича дунёдаги илк етакчи мамлакатлардан бирига айлантириши мумкин.
Технология мутахассисларига кўра, аэротаксилар тезлик, вақт тежалиши ва экологик тозалиги билан анъанавий ер усти транспорт воситаларига кучли муқобил бўлиши кутилмоқда. Улар айниқса тирбандлик кўп бўлган мегаполислар учун самарали ечим сифатида қаралмоқда.
Мадинабону Насриева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА