Марказий Осиё минтақавий экологик маркази билан ҳамкорлик янада мустаҳкамланади

Экологик барқарорликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан. Бу борада ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш долзарб аҳамиятга эга.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича комиссияси вакилларининг Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (CAREC) ижрочи директори Батир Маммедов бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқот аввалида делегация аъзоларига янги таҳрирдаги Конституция ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар доирасида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Делегация аъзолари Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни эътироф этган ҳолда мамлакатнинг нафақат минтақада, балки халқаро миқёсда глобал экологик муаммоларнинг олдини олишдаги иштирокини юқори баҳолади.
Шунингдек, учрашувда Европа Иттифоқининг SWITCH-Asia дастури доирасида CAREC томонидан амалга оширилаётган Марказий Осиё парламентларининг ўзаро ҳамкорлик платформасини қўллаб-қувватлаш бўйича янги ташаббус бошлангани маълум қилинди.
Учрашув давомида экологик барқарорликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш, айланма иқтисодиёт тамойилларини Марказий Осиё давлатларининг миллий қонунчилигига уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада ўзаро ҳамкорликни Марказий Осиё минтақавий экологик маркази билан янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
М.Комилова,
ЎзА