Мўйноқда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда

Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги маҳаллалардаги уйларнинг том қисмини таъмирлаш, яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уйларни янгидан қуриш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Бунинг учун қабул қилинган тегишли қарор асосида 14,6 миллиард сўм ажратилган маблағ ҳисобидан 12 та маҳалладаги жами 793 та уй-жойларни таъмирлаш ва қайта қуриш ишларини амалга ошириш белгиланган. Ушбу объектларга бириктирилган лойиҳачилар томонидан жойларда бориб, тегишли тартибда ўрганилди. Ҳозирда биринчи босқичда Мўйноқ туман ҳокимлиги билан жами 320 та уйларнинг том қисмини таъмирлаш учун ҳамда 61 та янгидан уйларни қуриш учун келишиб олинди.

– Бундан ташқари, Мўйноқ туманида Тошкент вилояти кўмагида кенг кўламли инвестициявий лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда, – дейди Тошкент вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Отабек Турсунов. – Жумладан, умумий қиймати 648,1 миллиард сўм бўлган 44 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, шу кунгача 26 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилди. Жумладан, яна 320 миллиард сўмдан зиёд 3 та йирик лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Хусусан, “Muynak Sulfat Group” МЧЖ томонидан “Талли Озек” МФЙдаги кичик саноат зонасидан 2 гектар ер майдони аукцион орқали сотиб олинган. Шу билан бирга, 100 гектар хомашё кони (карьер) ажратиб берилган. Айни кунларда ер текислаш ва қурилиш ишлари бошланган. Шунингдек, “Vishe Krishi Tashkent” МЧЖга 5 гектар ер ажратилган. 11,5 миллиард сўмлик биринчи босқич инвестицияси ўзлаштирилиб, туризм объекти қуриб битказилган. Бундан ташқари, яна бир тадбиркорлик субъекти бўлган “Olmaliq Moʻynoq Quruvchi” МЧЖ раҳбариятига жами 49,3 гектар ер майдони лойиҳа учун ажратилган.
Тошкент вилоятидан келаётган бундай инвестициялар нафақат Мўйноқ тумани иқтисодиётига, балки умумий минтақавий ривожланишга ҳам катта туртки бериши, шубҳасиз. Лойиҳалар доимий назорат остида бўлиб, белгиланган муддатларда тўлиқ амалга оширилиши учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Бу эса Мўйноқ туманида янги иш ўринлари яратилиши, инфратузилманинг яхшиланиши ва туризм, саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги имкониятларни очиб беради.
А.Мусаев,ЎзА.