Марказий Осиё – Хитой формати Шарқ ва Ғарбни боғламоқда

96

Америка Қўшма Штатлари минтақадаги иштирокини камайтираётган, Россия Украина билан зиддият оқибатини ўйлаётган, Европа Иттифоқи эса қисқа форматлар таклиф этаётган бир шароитда Хитой стратегик ва изчил йўл танлаган.

Бинобарин, “Марказий Осиё – Хитой” форматининг бошқа, таъбир жоиз бўлса, амалга ошириш бўйича қатъий механизмга эга булмаган дипломатик қобиқдан чиқолмаётган С5+ платформаларидан фарқини институционал ва шартномавий асосга эгалиги билан изоҳлаш мумкин.

Бугун халқаро ҳамкорлик масаласи кўтарилганда, мавзу фақат савдо-сотиқ билан чекланмайди. Қўшма саноат лойиҳалари, “яшил” энергетика, рақамлаштириш, технология трансфери ва таълим платформаларини яратиш каби муҳим масалалар ҳам кун тартибига чиқади.

Масалан, Қозоғистон 2026 йилни “Марказий Осиё – Хитой форматида таълим ва фан йили” деб эълон қилиш таклифини киритган. Ўзбекистон эса инвестиция ва савдо бўйича минтақалараро кенгаш ғоясини илгари сурмоқда.

Бошқача айтганда, Хитой нафақат минтақада йўл ёки заводлар қуриш, балки келажакни кўзлаган ҳолда дадил қадам ташламоқда.

Хуллас, айтиш мумкинки, бугун бутун дунё, жумладан энг қудратли давлатлар ва минтақалар Марказий Осиёга катта қизиқиш билан қарамоқда. Бу ҳақиқатни инкор қилиб бўлмайди.

Июнь ойида Остона шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги саммит ва қатор форумларни рамзий маънода “келажак деворига қўйилган икки ғишт” сифатида изоҳлаш мумкин. Демак, энди Шарқ ва Ғарб фақат денгиз эмас, балки қуруқлик – Марказий Осиё орқали ҳам боғланади.

Турсунали Қўзиев,

Ўзбекистон Журналистика ва

оммавий коммуникациялар университети

ЮНЕСКО кафедраси профессори