Халқимиз орзулари ушалмоқда

Табиати гўзал, об-ҳавоси жуда юмшоқ Бўзатов ўрмонлари ўзининг ранг-баранг ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси билан ташқаридан келган одамларнинг эътиборини ўзига тортиб, ҳар бир инсоннинг хаёлидан «қанийди шу ерларда бир-икки кун дам олиб кетсанг» деган ажойиб хаёл ўтарди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 октябрдаги Қорақалпоғистон Республикасига бўлган ташрифи давомида халқимизни ўйлантириб келаётган бу масаланинг ижобий ечими топилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида берилган топшириқлар ва кенг тарзда ўтказилган 73-сонли мажлис баённомасига асосан Еркиндаря қишлоқ фуқаролар йиғини «Ақеден» аҳоли пункти ҳудудидан янги «Санатория» объектининг қурилиши белгиланди ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашига 7 гектар ер майдони ажратилди.
– Объектда лойиҳа ҳужжатларига асосан 6 қаватдан иборат 200 ўринли ётоқхона, ошхона, клуб, даволаш ёпиқ бассейни, 2 хонадон учун коттеж, шунингдек, дам олувчилар учун бошқа бинолар барпо этиш белгиланган, – дейди «Касаба қурилиш тамир» бўлим корхонаси прораби Шаҳриёр Жуманазаров. Хусусан, даволаш биносида электр уйқу, тузхона, озонотерапия, электрофорез, лазеротерапия, магнитотерапия, УВЧ, дорсенвал, массаж хоналари мавжуд. Сув билан даволашда балчиқ билан даволаш, парафин, сув ости массажи, минерал сувдан фойдаланилади. Бугунги кунга қадар қурилиш ишларининг 80 фоизи якунланди.


Ҳозирги вақтда 200 дан ортиқ қурувчилар меҳнат қилаётган ушбу объектда қизғин ишлар олиб борилмоқда.
Дарҳақиқат, инсон қадри ҳамма нарсадан устун ҳисобланган мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида халқимизнинг кўп йиллардан буён ўйлаб келган орзулари рўёбга чиқмоқда. Бўзатовдаги янги санаторийнинг халқ фаровонлиги учун топширилиши билан бу ерда 100 дан ортиқ одамнинг бандлиги таъминланиб, унда йилига 6000 беморнинг саломатлиги тикланади.


Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.