Имтиҳонлар очиқ-ошкора ўтказилмоқда

217

Ҳозирги кунларда республикамиздаги бошқа олий ўқув юртларида бўлгани каби, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалига 2025-2026-ўқув йили учун спорт фаолияти мутахассислигига (фаолият турлари бўйича) абитуриентлар касбий (ижодий) имтиҳонларини топширмоқда.

Ушбу имтиҳонларнинг адолатли, очиқ-ошкоралик тамойиллари асосида ўтишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Фарҳод Турдиев ва Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Эркинбай Қутибаевлар ушбу синовларни мунтазам равишда кузатиб бормоқда.

Шунингдек, имтиҳонларнинг адолатли ўтишини таъминлаш учун абитуриентларнинг ота-оналари учун фарзандларининг имтиҳон топшириш жараёнини кузатиб боришлари учун барча шароитлар яратилган.

– Ҳар бир касбий (ижодий) имтиҳон топширувчи абитуриентларнинг тўплаган баллари белгиланган тартибда планшетга жойлаштирилиб, шу вақтнинг ўзида абитуриентнинг қўл телефонига тўплаган баллари СМС хабар қилиб юборилмоқда, – дейди Қабул комиссиясининг масъул котиби Азамат Примбетов – Бундан ташқари ўзларининг тўплаган балларидан норози бўлган абитуриентлар шикоят қилиши учун филиалда апелляция комиссияси доимий равишда иш олиб бормоқда.

Маълумот учун айтиб ўтишимиз керак, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалига касбий ижодий имтиҳонлари шу йилнинг 7 ва 17 июль кунлари оралиғида бўлиб ўтади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.