Хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган профилактика инспектори “Жасорат” медали билан тақдирланди
196

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар ўз хизмат вазифасини ўтаётган вақтда ҳалок бўлган Хўжаобод тумани “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғини ички ишлар профилактика инспектори, катта лейтенант Абдурасул Абдувалиевнинг хонадонида бўлди.
Вилоят ҳокими марҳум профилактика инспекторининг ота-онасига ҳамдардлик билдириб, унинг жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшган улкан ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан Абдурасул Абдувалиевга вафотидан сўнг берилган “Жасорат” медали унинг оила аъзоларига топширилди.
Маълумот учун, Хўжаобод тумани ички ишлар бўлими Жамоат хавфсизлиги хизмати, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси профилактика инспектори, катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев жорий йилнинг 1 июль куни хизмат вазифасини ўташ чоғида пичоқланиб, вафот этган эди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари







