Ходим ҳар йилги меҳнат таътилидан ташқари ўз ҳисобидан қанча кунга таътил олиши мумкин?

188

Ҳуқуқий муносабат

Июль ойида меҳнат таътили олган ходим август ойида ўз ҳисобидан таътилга чиқса бўладими?

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Жалолиддин Қўчқоров бу борада қуйидагиларни маълум қилди:

–Меҳнат кодексининг 241-моддасига кўра, иш ҳақи сақланмайдиган таътил деганда ходимнинг иш ўрни (лавозими) сақланиб қолган ҳолда ҳақ тўланмайдиган таътил тушунилади.

Ходимнинг ёзма аризасига кўра, унга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин бўлиб, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Юқоридаги нормага кўра, иш берувчи билан келиша олсангизгина ўз ҳисобингиздан 1 йилда уч ойгача таътил олишингиз мумкин. Иш берувчи рози бўлмаса ололмайсиз. Лекин, ходимнинг хоҳишига кўра, иш ҳақи сақланмайдиган таътил қуйидагиларга мажбурий тартибда берилади:

— I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга — ҳар йили ўн тўрт календар кунгача,

— икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани ҳақиқатда парваришлаётган боланинг ота-онасидан бирига (васийсига), бувисига, бобосига ёки бошқа қариндошига.

Шунингдек, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ нафар болани ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онасининг бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга) — ҳар йили ўн тўрт календар кунгача берилади.

ЎзА