Картошка етиштиришда янги босқич йўлга қўйилмоқда

171

Сўнгги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида сифатли ва маҳаллий иқлимга мос экинлар уруғчилиги тизимини йўлга қўйиш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу мақсадда Амударё туманида ҳам ижобий тажрибалар йўлга қўйилмоқда. Жумладан, Холимбек қишлоғида яшовчи томорқа эгаси Эркин Қўшаев ташаббуси билан туманда илк бор картошка уруғчилиги амалиётга жорий этила бошланди. Унга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар кўмагида 300 килограмм «Тошкент» навли картошка уруғи етказиб берилди. Ушбу уруғликлар 10 сотих ерга экилиб, натижада 3,4 тоннагача юқори ҳосил олинди. Бу эса биргина томорқада қисқа муддатда юқори ҳосилдорликка эришиш мумкинлигини яна бир бор исботлади.

Эркин Қўшаевнинг саъй-ҳаракатлари нафақат ўз томорқасининг унумдорлигини оширди, балки туман миқёсида янги йўналишни бошлаб берди. Бундан руҳланган мутасадди ташкилотлар томонидан бугунги кунда Амударё тумани мисолида картошка уруғчилигини ривожлантириш бўйича махсус чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

Амударё тумани ҳокимлиги, туман қишлоқ хўжалиги бўлими ва тажрибали агрономлар билан ҳамкорликда ушбу ташаббусни кенгайтириш, уруғчиликни илмий ёндашув асосида йўлга қўйиш, зарур агротехник тадбирлар ва ўқув-семинарлар ташкил этиш орқали бу соҳада янги ютуқларга эришиш мақсад қилинган.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги