АҚШнинг Украинага ёрдами миқдори маълум қилинди

155

АҚШнинг Украинага ҳозирга қадар кўрсатган ёрдами миқдори 123,3 миллиард долларга етди, деб ёзди “РИА Новости” очиқ маълумотлар ва Германиянинг Киле Жаҳон иқтисодиёти институти ҳисоботига таяниб.

Қайд этилишича, 2025 йил апрелга қадар Қўшма Штатлар Украинага 123,3 миллиард доллар миқдорида турли хил ёрдам ўтказган. Бу маблағнинг энг катта улуши ҳарбий ёрдам – 69,5 миллиард доллар. Кейинги ўринларда молиявий ёрдам – 50,1 миллиард доллар ва гуманитар ёрдам – 3,7 миллиард долларни ташкил қилган. Жорий йил майдан июль бошигача ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган.

Февралда оммавий ахборот воситалари Қўшма Штатлар Украинага қурол етказиб беришни тўхтатгани, кейинроқ эса қайта тиклангани ҳақида хабар тарқатди. Пентагон АҚШ 4 мартдан бошлаб Украинага ҳар қандай ҳарбий кўмак тўхтатилгани хусусида ёзди. Орадан бир ҳафта ўтиб, 11 март куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган АҚШ ва Украина делегациялари музокараси якунида Президент Владимир Зеленский идораси Киев ва Вашингтоннинг қўшма баёнотини эълон қилди. Ҳужжатда Қўшма Штатлар разведка маълумоти алмашишдаги танаффус зудлик билан бекор қилиниши, Украинага ҳарбий ёрдам етказиб бериш давом эттирилиши айтилган.

Бинобарин, июль ойи бошида “Politico” нашри Америка захираси тугаётгани муносабати билан АҚШдан Украинага ўқ-дори ва қурол-яроқ етказиб бериш тўхтатилгани ҳақида хабар тарқатди.

Оқ уй вакили Анна Келли “NBC” телеканалига етказиб бериш тўхтатилгани фактини тасдиқлаб, бу қарор Америка манфаатини биринчи ўринга қўйиш мақсадида қабул қилинганини таъкидлади.

С.Раҳимов, ЎзА