Истиқболли йўналишлар бўйича таклифлар ишлаб чиқилди

161

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов соҳада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Ташриф давомида вазирга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Тешаев ҳамроҳлик қилди.

Ташрифнинг асосий мақсади – минтақада қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг янги йўналишларини белгилаш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишни кўздан кечиришдир.

Вазир дастлаб Хўжайли туманидаги «Шукурулла Тўлғаной» фермер хўжалиги даласида бўлди.

Дала ҳудудида ташкил этилган тадбир доирасида вазир дастлаб, ғалладан бўшаган ер майдонларига такрорий экин сифатида экилган кунжут ва мош экинларининг ҳолатини кўздан кечирди. Шу билан бирга, ғўза майдонларида амалга оширилаётган агротехник тадбирлар, уларнинг сифати ва муддатлари билан танишиб, бу жараёнлар билан боғлиқ долзарб масалаларга эътибор қаратди.

Ушбу хўжаликда 6 гектарлик ерга С-4728 ғўза нави бир қаторли қилиб экилган. Бу нав шўрга чидамлилиги, иссиқ иқлимга мослашувчанлиги ва ҳосилдорлиги билан ажралиб туради. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган тажрибалар, айниқса, Қорақалпоғистон каби мураккаб агроиқлимий ҳудудлар учун жуда муҳим аҳамиятга эга.

Вазир бу ерда ғўзанинг ўсиш босқичига ёрдам берувчи «Sajem» препаратини қўллаш бўйича тавсиялар берди. Шунингдек, ўсимликлар вегетациясини жадаллаштириш, шўрланган ерларда ҳосилдорликни ошириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Қорақалпоғистонда иқлим шароитига мос, шўрга чидамли, ҳосилдорлиги юқори бўлган пахта навларини яратиш ва амалиётга жорий этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. С-4728 нави эса бу борадаги илм, тажриба ва амалиёт уйғунлигининг ёрқин намунаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон каби табиати мураккаб, ресурслари чекланган ҳудудларда ҳам замонавий ёндашувлар ва илмий асосланган тажрибаларнинг кенг жорий этилаётгани мамлакатимиз аграр сиёсатининг пухта ва узоқни кўзлаган стратегиясидан далолат беради.

Бу нафақат бугунги маҳсулот, балки эртанги озиқ-овқат хавфсизлиги, экспорт салоҳияти ва деҳқон манфаатининг ишончли кафолатидир.

Қишлоқ хўжалиги вазири И.Абдураҳмонов Хўжайли тумани Қишлоқ хўжалиги бўлимида ҳам бўлиб, шароитлари ва моддий-техник базаси билан яқиндан танишди.

Таъкидланганидек, ҳар қандай ислоҳот, аввало, инсоннинг ўзидан – унинг дунёқараши, касбга бўлган садоқати ва муносабатидан бошланади. Шунинг учун ҳам, ҳар бир раҳбар ва ходим иш жойига келган вақтданоқ, бу ерда ислоҳотлар ва ўзгаришлар давом этаётганини яққол сезиши керак.

Учрашув давомида бўлим бошлиғи ва ходимларга аниқ топшириқлар берилди. Энг асосий вазифа – фуқаролар билан очиқ, самимий ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш, бинонинг ташқи ва ички кўринишида тартиб, озодалик, интизом ва меҳмондўстлик муҳитини яратиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ҳар бир келган фуқаро ўзини қадрланган, тингланган ва керакли маълумотни олган ҳолда ҳис қилиши керак. Бўлим нафақат қоғозбозлик ва расмийлаштириш маркази, балки қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган чуқур ислоҳотларнинг «юзи-кўзи,» ҳар бир деҳқон ва фермер учун ишончли ўрин бўлиши зарур. Мана, шу ердан намунали муносабат бошланиши керак.

Қишлоқ хўжалиги вазири Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги наслчилик илмий-ишлаб чиқариш марказининг Қорақалпоғистон филиалида амалга оширилаётган илмий-тадқиқотлар жараёни билан ҳам яқиндан танишди.

Марказда Голштин, Симментал, Лимузин, Ангус каби йирик зотли қорамолларнинг етти зотини парваришлаш, уларни маҳаллий иқлим ва экологик шароитларга мослаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди. Бугунги кунда марказ мутахассислари ушбу зотларни ўзаро чатиштириш орқали Қорақалпоғистон ҳудудининг қаттиқ иқлимига мос, юқори ҳосилдорликка эга бўлган янги дурагай зотларни яратиш устида илмий изланишлар олиб бормоқда.

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимиз аграр соҳасининг устувор йўналишларидан бири сифатида наслли қорамоллар сонини кўпайтириш, гўшт ва сут маҳсулдорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон филиалида замонавий in-vitro лаборатория ташкил этилиб, унда сунъий уруғлантириш, замонавий селекция ва генетик мониторинг ишлари илғор технологиялар асосида олиб борилмоқда.

«Наслчилик» илмий-ишлаб чиқариш маркази филиалида «in-vitro» технологияси асосида чорва молларининг эмбрион наслини кўпайтириш жараёни билан танишди.

Вазир И.Абдураҳмонов лабораториядаги шароитлар билан танишиб, мутахассисларга қатор амалий тавсиялар берди.

Жумладан, уруғларнинг унувчанлигини ошириш ва юқори самарадорликка эришиш учун лаборатория муҳитидаги ҳарорат барқарорлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Бу, ўз навбатида, нафақат уруғ сифатига, балки келгусида юқори маҳсулдорликни намоён этадиган барҳаёт наслларнинг шаклланишига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.

Шунингдек, вазир инкубация жараёнида ташқи муҳит омилларининг салбий таъсирини чеклаш, ходимларнинг лабораторияга кириб-чиқиши устидан қатъий назорат ўрнатиш, чанг ва бактериал аралашмаларни минималлаштириш, герметик ҳимоя воситаларини кучайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Чунки санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилинмаслиги селекция жараёни натижаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бугунги кунда наслчилик марказининг Қорақалпоғистон филиали нафақат маҳаллий экологик шароитларга мослашган, балки юқори чидамлилик ва маҳсулдорликка эга қорамол зотларини яратишда муҳим илмий мактабга айланиб бормоқда. Бу нафақат Қорақалпоғистон, балки мамлакатимиз миқёсида гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ошириш, ички бозор талабини тўлиқ қондириш ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, Қорақалпоғистонда илмий асосланган селекция ва замонавий наслчилик жараёнларининг янги босқичи нафақат чорвачилик соҳасининг барқарор ривожланиши, балки минтақанинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Ташриф давомида Нукус туманида жойлашган «Дон ва шоли илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси» томонидан ташкил этилган томчилатиб суғориш усулидаги шоли экин майдони ва «Нукус бройлер» паррандачилик корхонасига ҳам ташриф буюрилди.

Шунингдек, коллекторда ўрдак боқиш бўйича пилот лойиҳа ҳам ўрганилди.

Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, унда «Омборхона дафтари» доирасида амалга оширилган ишлар ва долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини, илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш ва соҳага оид ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, мавжуд имкониятлар ва истиқболли йўналишлар бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.