Янги концепция, янги марраларга бошламоқда

209

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида давлат бошқаруви ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, ваколатли органларда назоратнинг самарали ва таъсирчан механизмларини йўлга қўйиш бўйича босқичма-босқич ишлар олиб борилмоқда.

Халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли амалга ошириш бўйича маҳаллий Кенгашларга ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган долзарб масалаларни ҳал этиш ва маҳаллий ижро органлари устидан таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича қатор қўшимча ваколатлар берилди.

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ташкилий, ахборот-таҳлилий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2020 йилда маҳаллий Кенгашларда доимий асосда фаолият юритувчи котибиятлар фаолияти йўлга қўйилди.

Янгиланган Конституция асосида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишга кўмаклашиш Олий Мажлис Сенатининг асосий ваколатларидан бири сифатида белгиланди. Сенат таркибида Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия, Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази ташкил этилди. Улар томонидан маҳаллий кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида ташкилий, ҳуқуқий, услубий ва бошқа маслаҳат ёрдами кўрсатиб келинмоқда.

Олий Мажлис Сенати томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини самарали ташкил этишга доир 20 дан ортиқ қарорлар қабул қилиниб, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий асослар билан мустаҳкамланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янги модель – «Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким» принципи бўйича ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор тартиблар белгилаб берилди.

Жамият ва давлат ҳаётининг долзарб масалаларини ҳал этиш, аҳолининг бевосита хоҳиш-иродаси асосида қарор қабул қилиш талаб этиладиган жами 33 та ваколат маҳаллий Кенгашлар ваколатига ўтказилди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, маҳаллий кенгаш депутатлари билан фуқаролар ўртасида электрон мулоқот майдонини яратиш, норма ижодкорлиги фаолиятини соддалаштириш мақсадида «E-Kengash» электрон платформаси жорий этилди.

Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти ва ижро ҳокимияти органларининг ваколатлари, маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилди, ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий принципнинг маҳаллий даражада ҳам белгиланишига эришилди.

2024 йил октябрь ойидаги сайлов якунлари бўйича шакллантирилган навбатдаги чақириқ Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида илк бор ўтказилди.

Амалга оширилган юқоридаги ислоҳотлар билан бирга, янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда ушбу тартибларни амалга ошириш, мамлакатимиз демократик тараққиётининг устувор йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш зарурати юзага келмоқда.

Шунингдек, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгилаб олинган мақсадлар маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини аҳолининг мустақил ифода этувчи институтига айлантириш, маҳаллий вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари ваколатларининг аниқ тақсимланган янги моделини йўлга қўйишни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди.

Бу Концепция Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари ишини самарали трансформация қилиш, маҳаллий Кенгашларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорлигини ривожлантириш, уларнинг ишида жамоатчиликнинг кенг иштирокини ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Президентимизнинг юқорида номи кўрсатилган фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида тайёрланган.

Концепция мамлакатимизда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилгача ривожлантиришнинг мақсад ва устувор вазифалари, истиқболдаги йўналишларини белгилайди ҳамда соҳага оид чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш учун асос бўлади.

Ҳамза Абдижалиев,

Халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгашининг депутати.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.