Ёшларни жамлаётган мусобақалар
Албатта, спорт – саломатлик гарови. Шунинг учун ҳам, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бугунги куннинг асосий талабларидан бўлиб, юртимиз бўйлаб спортни янада ривожлантириш, профессионал спортчилар қаторида ҳаваскор спортчилар учун ҳам зарур шароитларни яратиш ва спортчилар сафини янада кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон стол тенниси федерацияси Қорақалпоғистон бўлимида спортнинг стол тенниси тури бўйича спортчилар ўртасида «Солиқ қўмитаси кубоги» мусобақаларининг навбатдаги Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.

Унда ушбу мусобақанинг туман (шаҳар) босқичларида ғолиб бўлган 120 га яқин спортчи ёшлар U15 ва U17, яъни 2 ёш тоифасида ўзаро беллашди.
Қизғин беллашувларга бой бўлган мусобақа якунида қизлар ўртасида Кунсулув Қошмуратова, ўғил болалар ўртасида Мусабек Толиевлар биринчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистон стол тенниси федерацияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Х.Бекчанов ва Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Е.Қутибоев ғолибларни самимий қутлади.


– Мен спортнинг стол тенниси тури билан 12 йилдан бери шуғулланиб келаман. Мураббийим Бахтиёр Хангелдиев. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон миқёсида ўтказилаётган ва бошқа мусобақаларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишга ҳаракат қиляпман. Бу мусобақада рақибларим кучли бўлди. Олдинги мусобақаларда орттирган тажрибам бугун қўл келди. Келгусида олимпиадаларда ҳам қатнашиб, юртимиз байроғини баланд кўтариб, фахрли ўринларни эгаллаш ниятим бор. Бунинг учун мунтазам шуғулланиб, қизғин тайёргарлик кўряпман, – дейди К.Қошмуратова.

Тадбирда ғолибларга кубок, медаль, қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.