Истеъмолчиларга суюлтирилган газ қандай етказиб берилмоқда?

121

 

Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ҳозирги вақтда жами 99 минг 970 та хонадон ва 121 та мактабгача таълим ташкилоти (боғча) суюлтирилган газ билан таъминланиб келинмоқда.

Суюлтирилган газдан фойдаланувчиларга 2025 йил бошидан 8504 тонна газ фонди ажратилган бўлиб, газни қайта ишлаш заводларидан тўлиқ ташиб олинди. Шахсий хўжаликларнинг талабига мувофиқ, 8195 тонна газ миқдори хўжаликларга тарқатилди.

– Айни пайтда республикамиздаги хусусий хўжаликларга суюлтирилган газни етказиб бериш учун айланма ҳаракатда 151 минг 239 дона газ баллон идишларимиз бор, – дейди «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Р.Ибрагимов.

Бугунги кунда корхонанинг марказий омборида 417 дона, туман газ ҳудудлари омборларида 3051 дона газ баллон идишлар мавжуд.

Қорақалпоғистон Республикасининг суюлтирилган газдан фойдаланувчи шахсий хўжаликларига E-gaz онлайн дастури асосида ID карталар орқали суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилган.

«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали махсус газ баллонларни ташувчи 27 дона «Isuzu» русумли автотранспортларга эга. Улар ўз навбатида туманлар ҳудудида жойлашган олис қишлоқларга суюлтирилган газ баллонларини етказиб бермоқда.

Суюлтирилган газдан фойдаланувчи истеъмолчиларга нефть-газни қайта ишлаш заводларидан 6 дона «МАН» маркали махсус автосистерналарда жорий йилга белгиланган газ миқдори филиалимизга тегишли газ тўлдириш станцияси ва газ қуйиш пунктларига ташиб келинмоқда.

Суюлтирилган газ билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида газ тўлдириш станциялари ва пунктлари дислокация бўйича ҳудудларга бўлинган. Яъни, шимолий туманлар учун Чимбой газ тўлдириш пункти Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир туманларини суюлтирилган газ билан таъминлайди, Қўнғирот туманида жойлашган газ тўлдириш пункти Қўнғирот, Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл туманларини таъминлайди, марказий туманларни Нукус газ тўлдириш станцияси таъминлайди, Жанубий туманларни эса Амударё ва Беруний туманларида жойлашган газ тўлдириш пунктлари таъминлайди.

Фуқароларнинг газ баллонларидан хавфсиз фойдаланишини таъминлаш мақсадида филиалимизга тегишли газ тўлдириш станцияси ва газ тўлдириш пунктларида газ баллонларни синаш ва техник кўрикдан ўтказиш лабораториялари фаолият кўрсатиб турибди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.