Ғолиб ёшлар ўз лойиҳалари бўйича амалга оширган ишлари билан таништирди

191

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2024 йил апрель ойида «Юксалиш» ҳаракати, «Search for Common Ground» халқаро нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорликда #Ёшхабардор: «Ёшлар коррупцияга қарши» лойиҳасини бошлаган эди.

Лойиҳа мақсади – мамлакатимиздаги давлат органларининг коррупцияга қарши ҳаракатларида ёшларнинг иштирокини кучайтириш, ушбу иллатнинг олдини олиш ва хабардор қилиш тушунчаларини мустаҳкамлаш, уларнинг коррупцияга қарши хавфсиз ва конструктив тарзда курашиш бўйича янги кўникмаларни эгаллашида амалий ёрдам бериш, шунингдек, ёшларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳаракатларини кўрсатиб берадиган ресурслар ва платформаларни кўпайтириш кўзда тутилган.

Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида амалга оширилди. Лойиҳада иштирок этиш учун 16 ёшдан 29 ёшгача бўлган номзодлар суҳбатдан ўтказилди ва фаол ёшлар кластерларини шакллантириш учун танлаб олинди. Ёшлар кластерлари учун коррупцияга қарши хавфсиз ва конструктив курашишга муносиб ҳисса қўшишига имконият яратувчи амалий кўникма ва назарий билимларни беришга йўналтирилган тренинглар ўтказилди.

Тренинглар, коррупциянинг таърифи ва моҳиятини, шунингдек, Ўзбекистонда, хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик соҳаларида коррупциянинг ҳозирги ҳолатини тушуниш, кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган сессиялар, жумладан, тизимдаги коррупцияни аниқлаш усуллари ва тегишли давлат органлари томонидан ўрганиладиган амалий тадқиқотларни ишлаб чиқиш босқичларини, ушбу компонент, шунингдек, манфаатларни ҳимоя қилиш жараёнларида зиддиятли ва гендерга оид жиҳатлар, жумладан, самарали ривожланиш, ҳамкорлик ва давлат органлари билан мулоқотни ўз ичига олган манфаатларни илгари суришда умумий асосий ёндашувни ўз ичига олди.

Тренингларни муваффақиятли якунлаган ҳамда соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик соҳаларида маҳаллий коррупцияни аниқлаш бўйича ўз ташаббусларини илгари сурган фаол ёшлар гуруҳларининг ҳар бирига 3000 АҚШ долларидан 5 та кичик грант таклиф этилди.

Нукус шаҳрида, #Ёшхабардор: «Ёшлар коррупцияга қарши» лойиҳасида Қорақалпоғистон Республикасидан ғолиб бўлган ёшлар, ўз лойиҳалари бўйича амалга оширган ишларини тақдим этди. Унда соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик соҳаси мутахассислари ва фаол ёшлар иштирок этди.

Тадбирда «Юксалиш» ҳаракати ижрочи директори А.Маматханов, Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Т.Романов, «Search for Common Ground» халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали директори К.Сайназаров ва бошқалар сўзга чиқиб, лойиҳалар қамровини республика миқёсида кенгайтириш учун амалий ҳамкорлик йўналишларини белгилаш, давлат органлари билан ҳамкорликнинг аниқ механизмларини кўриб чиқиш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди, тақдимотлар юзасидан муҳокамалар ўтказилди.

Шунингдек, ёшлар гуруҳларининг соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик соҳаларида маҳаллий коррупцияни аниқлаш бўйича ўз ташаббуслари, илгари сурган режалари муҳокама қилинди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги