Янги даврга дадил қадам: Ўзбекистон – Озарбайжон ҳамкорлигининг стратегик ривожланиши

202

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 июль куни Озарбайжонга амалга оширган давлат ташрифи – ўзининг мазмун-моҳияти, аҳамияти, кўлами ва натижалари билан нафақат икки мамлакат, балки бутун туркий дунё ва Евроосиё минтақаси учун улкан тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар дўстлик, ишонч ва ўзаро манфаат тамойиллари асосида жадал суръат билан ривожланмоқда. Шу боис Президентимизнинг Боку шаҳрига ташрифи айни ўз вақтида ва нафақат расмий, балки кенг кўламли, амалий натижаларга бой ташаббуслар билан ажралиб турди.

Давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинган 2025-2029 йилларга мўлжалланган Иттифоқчилик шартномаси ҳамкорликни тубдан янги босқичга олиб чиқиш билан бирга, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ва муваффақиятли шерикликнинг ёрқин намунаси бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу ҳужжат нафақат сиёсий-иқтисодий, балки маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олган ҳолда, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги қадимий дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бугунги кунда мамлакатлар ўртасида 300 га яқин қўшма корхоналар фаолият юритаётган бўлиб, савдо ҳажми 25 фоизга ошиб, 4 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шаклланган, бу рақамлар замирида ўзаро ишонч ва аниқ режалар мужассам. Айниқса, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги йирик лойиҳалар икки мамлакат ҳаётида улкан иқтисодий ўзгаришларга асос бўлиши шубҳасиз.

Замон билан ҳамнафас, экологик барқарорликни кўзлаган «яшил энергетика» соҳасидаги ташаббуслар, юкларнинг Европага транзити, Боку шаҳрида «Ўзбекистон» боғига асос солиниши – буларнинг барчаси икки халқ ўртасидаги мустаҳкам дўстлик рамзидир.

Шунингдек, миллий меъморчилик ва замонавий инфратузилма уйғунлиги бўлган Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилиши ва боғ лойиҳаси – нафақат маданий, балки давлатлараро дипломатик алоқалар рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Сўнгги йилларда Озарбайжон билан Ўзбекистон – нафақат дипломатик, балки иқтисодий, ижтимоий ва маданий ютуқларга асосланган янги даврга қадам қўйиб, умумий тараққиёт йўлида намуна бўла оладиган йирик минтақавий иттифоқчилар сифатида намоён бўлмоқда.

Бу ўзгаришлар давлатлар ўртасидаги 30 йиллик дипломатик муносабатлар доирасида эришилган натижаларга асосланган ҳолда амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлашимиз лозим.

Президентимизнинг Озарбайжонга давлат ташрифи, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик тарихида янги босқични бошлаб бериши билан бирга, ўтказилган учрашув ва музокаралар соҳалардаги алоқаларнинг янада кенг ривожланишига асос бўлиши билан муҳим аҳамиятга эга.

Руслан Жумамуратов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.