Божхона декларациясидаги ўзгаришлар тақдим этилди

Божхона бошқармаси мутахассислари томонидан «Хўжайли» чегара божхона постида пост орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ва юк автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига жорий йил 2 июлдан амалиётга жорий этилган йўловчи божхона декларацияси турларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Мақсад – чегара орқали ўтаётган йўловчилар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни қонунчиликдаги янгиликлар билан таништиришдир.

Таъкидлаш жоизки, янги турдаги йўловчи божхона декларацияси илгариги шаклларидан профилактик ва ахборот аҳамиятига эга эканлиги билан ажралиб туради. Унда мамлакатимиз ҳудудига товарларни божсиз олиб кириш ва ундан божсиз олиб чиқиш меъёрлари, миллий ва хорижий валютани резидент ва норезидентлар томонидан олиб ўтиш тартиби, тақиқланган товарлар рўйхати ҳам келтирилган.

Тадбир давомида фуқароларга амалдаги қонунчилик талабларини билмаслик уларни жавобгарликдан озод этмаслиги, божхона чегараларини кесиб ўтишда божхона қонунчилигига қатъий риоя этиши ва ҳеч қачон божхона ходимига «пора» таклиф этмаслиги эслатиб ўтилиб, божхона ходимининг моддий манфаатдорлик ҳолатига дуч келса, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг 11-08 қисқа ва Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг (61) 224-90-86 ишонч рақамларига қўнғироқ қилиши сўралди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.