Қўнғиротлик тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди

162

Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси томонидан тадбиркорлар билан яқиндан мулоқот қилиш, уларни қийнаб келаётган масалаларни ўрганиш ва ечим топиш, ҳудудларда кичик ва ўрта бизнесни янада ривожлантириш мақсадида очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Ана, шундай учрашувларнинг навбатдагиси Қўнғирот туманида бўлиб ўтди.

Учрашувда бугунги кунда юртимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилаётган имтиёзлар ва солиқ енгилликлари, шунингдек, имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди.

Мулоқот давомида барча муаммо ва таклифлар батафсил ўрганилиб, муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Шу билан бирга қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган айрим масалаларнинг ечими учун муддат белгиланди.

Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан соҳанинг иқтисодиётдаги улушини ошириш ва ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувнинг мақсади – кичик ва ўрта бизнес вакилларининг солиқ соҳасидаги муаммо ва таклифлари билан чекланиб қолмасдан, бошқа соҳаларда учраётган муаммо ва таклифларни ҳам ўрганиб, тегишли идоралар билан биргаликда ижобий ечимини топишдан иборат.

Бугунги кунда Қўнғирот туманида 2468 (шундан, 1252 микрофирма, 109 кичик корхона, 1107 якка тадбиркор) кичик ва ўрта бизнес вакиллари тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджет даромадларига 2024 йил учун белгиланган 2 трлн. 837 млрд. сўм прогноз кўрсаткичи йил якуни билан 106,8 фоизга бажарилиб, бюджетга қўшимча 192 млрд. сўм тушум тушди ёки бюджетга тушумлар 2023 йилга нисбатан 120 фоизга, яъни 500 млрд. сўмга ўсишга эришилди.

Шундан Қўнғирот туманида бюджет даромадларига 2024 йил учун белгиланган 39,7 млрд. сўм прогноз кўрсаткичи йил якуни билан 105,7 фоизга бажарилиб, бюджетга қўшимча 2,3 млрд. сўм тушум таъминланди ёки 2023 йилга нисбатан 114 фоизга, яъни 5,0 млрд. сўмга ўсиш бўлди.

Шунингдек, Қўнғирот туманида кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан 2024 йилда 74,7 млрд. сўмлик солиқ тўланиб, бюджетга жами тушумдаги улуши 39,0 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонларига асосан бошқа солиқ қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, Қўнғирот туманида 2023 йил давомида 616 кичик ва ўрта бизнес вакилларига 25,6 млрд. сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилган бўлса, 2024 йил давомида 968 кичик ва ўрта бизнес вакилларига 32,1 млрд. сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилиб, бу кўрсаткич 125,4 фоизга ошган.

Ушбу маблағлар тадбиркорларнинг ўз ихтиёрида қолдирилиши натижасида корхоналар томонидан тадбиркорликни кенгайтиришга, ишчилар сони ортишига ва шу орқали бандликка кўмаклашишга замин яратилмоқда.

Албатта, бундай учрашувлар тадбиркорлар муаммоларини самарали ҳал этиш, жойларда ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятини кенгайтириш ва шу орқали қўшимча иш ўринлари яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Учрашувда иштирокчилар ўзларини қийнаб келаётган муаммо ва таклифларини билдириб, мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.