Дўстлик: болаларга тўй, ёшларга байрам тадбирлари

149

2022 йилда Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасидаги шаҳар ва туманларни комплекс тарзда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Тошкент шаҳри ва вилоятларга, жумладан, Қонликўл тумани Сирдарё вилоятига бириктирилиб, қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш орқали янги иш ўринлари яратиш борасида ҳам қатор ишлар қилинмоқда.

Қонликўл туманида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан республикадаги тегишли соҳалар ва туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда навбатдаги «Сайхун ва Жайхун» ёшлар форуми ташкил этилди. Форум доирасида икки кун давомида қатор маданий, маънавий-маърифий, спорт тадбирлари ўтказилди.

Унда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва тегишли соҳалар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Форум доирасидаги тадбирлар эрта тонгдан «Саломатлик учун – 5000 қадам!» тадбири билан бошланди.

«Кундалик турмуш тарзингизни саломатликка йўналтиришни хоҳлайсизми? Унда кун давомида камида 5000 қадам юришни одат қилинг! Бу оддий, аммо жуда самарали ҳаракат орқали юрак-қон томир тизими мустаҳкамланади, қон босими меъёрга тушади, вазн назоратга олинади, руҳий ҳолат яхшиланади, ўзингизга ва соғлиғингизга сарфланган ҳар бир қадам – эртанги кунингиз учун қўйилган мустаҳкам пойдевор! Юришни бугун бошланг – соғлом ҳаётга қадам ташланг!» каби чақириқлар билан бошланган ушбу тадбир кун давомида ўтказиладиган тадбирларда иштирокчилар учун яхши кайфият улашди.

Қонликўл тумани ҳокимлигининг мажлислар залида мамлакатимизда ва дунёда юз бераётган сўнгги сиёсий янгиликлар билан таништириш мақсадида ўтказилган навбатдаги «Сиёсий маърифат соати»да иштирокчилар бугунги куннинг энг долзарб мавзулари, шу билан бирга, ҳафта давомида Ўзбекистон ва хорижий давлатларда юз берган муҳим воқеалар «Газета шарҳи» рукнида «Жадид» газетасининг навбатдаги эълон қилинган мақолалари билан танишди. Тадбирда тумандаги муассаса, корхона ва ташкилот ходимлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи М.Ҳайтов иштирок этди.

Шундай савобли ишлар қаторида Сирдарё вилояти ва Қонликўл тумани ҳокимлиги ҳамкорликда тумандаги файзли масканларнинг бирида ҳар бир ҳудуддан ёрдамга муҳтож 30 та оиладаги жами 30 нафар боланинг суннат тўйларини ҳам ўтказди.

Тадбирда туман ҳокими Б.Султонов, Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Ш.Исакулов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи М.Ҳайтов ва бошқалар йиғилганларни байрам билан табриклаб, ўтказилаётган тадбирнинг аҳамиятига кенг тўхталиб ўтди.

Шу ўринда ҳамкорлик натижасида туманда бир қатор ишлар қилиниб, Сирдарё ва Қорақалпоғистон дўстлик муносабатлари мустаҳкамланаётганини таъкидлаш лозим. Суннат тўйи маросимида ушбу ижобий ишлардан мамнун бўлган туман аҳолиси Президентимиздан миннатдорлигини билдирди. Тўй эгаларига совғалар топширилди.

Сўнг Қонликўл туманидаги Сирдарё ҳокимлиги томонидан барпо этилган «Сайхун-Жайхун» маънавият марказида «Ижод мушоираси» кечаси ташкил этилди.

Унда Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи М.Ҳайитов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Н.Даўлетбаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қўнғирот тумани бўлими ва туман ахборот-кутубхона маркази ходимлари, бир қатор ижодкор ёшлар иштирок этди. Тадбирда сирдарёлик меҳмонлар ва ижодкор ёшлар томонидан шеърлар ижро ўқилиб, дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ёшлар форуми доирасида спорт мусобақалари ҳам ўтказилиб, дастлаб «Ёшлар маркази» биносида спортнинг шахмат, шашка тури бўйича мусобақа ўтказилди. Унда туман ҳокимининг ўринбосари Р.Қалимбетов, Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғининг ўринбосари О.Эгамов ва бошқалар сўзга чиқиб, бугунги кунда юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, ўз қобилияти ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун барча шароитлар яратилганлиги, мамлакатимиз ёшларига яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ёшлар турли соҳаларда катта ютуқларга эришаётгани таъкидланди.

Ушбу спорт мусобақаларини ўтказишдан мақсад – ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътил вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишдир.

Форум доирасида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни китоб ўқишга кенг жалб этиш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида «Заковат» интеллектуал ўйинлари ҳам бўлиб ўтди, унда тумандаги барча маҳаллалардан жамоалар иштирок этди.

 

Қонликўл транспорт ва сервис техникумининг спорт залида ўғил болалар ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича ҳам мусобақа ўтказилди. Унда туман ҳудудидаги маҳаллалардан тузилган жамоалар биринчилик учун ўзаро беллашди.

Форум доирасидаги тадбирлар «Ёшлар сайли» марказида ташкил этилган концерт дастури билан давом этиб, унда ўтказилган мусобақа ғолиблари, фаол ёшлар тақдирланиб, эсдалик совғалари топширилди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.