Аҳоли турмушини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев Шуманай туманида бўлиб, фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш, қўшимча даромад олишига ёрдам бериш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб, Қорабойли маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар билан учрашув ўтказилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш ва қўшимча даромад олишига кўмаклашиш йўналишида ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш кераклиги, бунинг учун барча ёрдамлар берилиши таъкидланди.

Шундан сўнг, Бирлешик ОФЙ ҳудудида балиқчилик билан шуғулланувчи А.Жумабоеванинг лойиҳаси, Момий ОФЙдаги Ободонлаштириш бошқармасининг питомниги, Мунчоқли МФЙдаги С.Салиеванинг томорқаси кўздан кечирилди.

Жўқорғи Кенгес Раиси Оқжап ОФЙдаги кўча оқсоқоллари билан ҳам учрашди. Уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади. Аввалги учрашувларда билдирилган муаммоларнинг аксарияти ўз ечимини топаётгани ва ҳеч бир масала эътибордан четда қолмаслиги таъкидланди. Ўз навбатида, маҳалла оқсоқоллари халқнинг муаммоларини ҳал этишда раҳбарлик қилаётган Президентимизга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Мунчоқли МФЙ ҳудудидаги «LIANTAI KC LICORICE» МЧЖнинг инвестиция лойиҳаси, «Наўбетова Олтиной» хусусий корхонасининг ишлари бориб кўрилди. Ҳар қандай тадбиркорлик ташаббуси қўллаб-қувватланиши таъкидланди. Шунингдек, Масофадан хизмат кўрсатувчи ВРО маркази ва туман тиббиёт бирлашмасидаги рақамлаштириш ишлари кўздан кечирилди.


Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, республика идора-ташкилотлари, туман фаоллари иштирокида Шуманай туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Унда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги берилган топшириқлар бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижроси масалалари кўриб чиқилди.

Шу ўринда туманни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича махсус дастур асосида қатор вазифалар белгилаб берилган бўлиб, муаммоларни ҳал этиш мақсадида Президентимиз томонидан барча имкониятлар яратиб берилгани, молиявий манбалар ҳам ҳал қилиб берилганини таъкидлаш жоиз.

Ўтказилган йиғилиш давомида тез фурсатда бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, аниқ топшириқлар берилди ва ўз вазифасини бажаришга лоқайдлик билан қараётган раҳбарлар қатъий огоҳлантирилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.