Римда кучли портлаш

Италия пойтахтининг Пренестино туманида содир бўлган кучли портлаш туфайли 40 киши, жумладан полиция ходимлари ва оддий аҳоли вакиллари жароҳатланди. Бу ҳақда «Ansa» агентлиги хабар берди.
Виа деи Гордиани кўчасидаги ёнилғи қуйиш шохобчасида кузатилган бахтсиз ҳодиса сабаби ҳали аниқланмаган.
Дастлабки маълумотга кўра, иккинчи кучли портлаш овози шаҳар чеккасида ҳам эшитилган.

Гувоҳлар айтишича, аввалроқ, яъни воқеа содир бўлгач дарров ҳудудга тез ёрдам машинаси чақирилган. Шу орада юк машинаси қувурга бориб урилган. Бинобарин, бу икки ҳодиса ўртасида боғлиқлик бор-йўқлиги номаълум. Айни пайт айрим фуқаролар кучли газ ҳиди тарқалганидан шикоят қилган.
Рим полицияси комиссари Роберто Массуччи фожиани шундай изоҳлади:
– Афсуски, бу жиддий ёнғин суюлтирилган газни тушириш вақтида юз берган авария туфайли содир бўлди.
Расмий маълумотда амалиётни амалга оширган полиция ходимлари, шунингдек бошқа қутқарувчилар кучли портлаш чоғида жароҳат олган ва турли касалхоналарга жойлаштирилган. Ўн олти фуқаро, жумладан станция раҳбари ҳам жароҳатлангани маълум.
Палаццо Чиги манбасига кўра, мамлакат Бош вазири Жоржа Мелони воқеа оқибатини кузатмоқда. У Рим мэри Роберто Гуальтьери билан гаплашди, вазир ўринбосари Альфредо Мантовано билан ҳам яқин алоқани ушлаб турибди. Ваколатли идоралар томонидан жабрланганлар алоҳида эътиборга олинган.
Рим папаси ҳам воқеага нисбатан хавотирини билдирди.
М.Пирматова, ЎзА