«Олтин қалам» янги ижодга ундамоқда

307

 Юртимизда байрамлар кўп. Лекин улар орасида биз журналистлар соғиниб кутадиган касб байрамининг ўрни алоҳида. Ҳар йили ушбу байрам арафасида оммавий ахборот воситалари ходимларининг меҳнатлари баҳоланиб, танловларда эса ғолиблар аниқланиб, хушхабар юртимиз бўйлаб тарқалиб кетади. Бу йилги байрам арафасида «Олтин қалам»  XIX Миллий мукофоти учун халқаро танлов якуни бўйича Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпанияси «Қорақалпоғистон» телеканали «Ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий кўрсатувлар» бош муҳаррири З.Жабборбергенованинг ғолиб бўлганлиги, республикамизда узоқ йиллардан буён фидокорона меҳнат қилиб келаётган яна бир журналистнинг меҳнатлари самараси юзага чиққанлигини исботлади. Ўзбекистон миқёсида қанчадан-қанча журналистларнинг ижодий ишлари тақдим этиладиган бу танловда юздан югурик, мингдан тулпор бўлиб чиқиш журналистнинг-журналистигагина насиб этади. Бу дегани, меҳнатларинг журналистик маҳоратнинг қаймоғи бўлиши шарт.

Зулфия Жабборбергенова ўз журналистик фаолиятини 1996 йилда Қорақалпоғистон телевидениесида эфирга узатиладиган «Дўстлик» номли кўрсатувдан бошлади. Ҳали талаба бўлишига қарамай Навоий вилоятининг Конимех ва Нурота туманларида ижодий сафарда бўлиб, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти мисолида видеорепортажлар тайёрлади. 1999 йилдан Қорақалпоғистон телевидениесининг «Музика-суҳбатли дам олиш ва кино дастурлари» бош таҳририятининг муҳаррири сифатида «Ассалому алайкум, Қорақалпоғистон!» кўрсатувини тайёрлади ва телебошловчилик қилди. Шунингдек, ёшлар ҳаётига оид «Давр ва ёшлар,» «Баркамол авлод – элга саловат» ҳамда «Ўхшаш исмлар – иссиқ дийдорлар,» «Эгизаклар,» «Хобби» каби бир қанча муаллифлик кўрсатувларини сифатли тайёрлайди.

«Ёш келса ишга» деганидек талабчан журналист вақт билан ҳисоблашмай, ҳар томонлама изланиб, республикамизнинг барча соҳаларидаги ютуқларни оператив тарзда тайёрлаб ҳамда журналистик фикр билан таҳлил қилиб ишлаган кўрсатувлари энг яхши кўрсатувлар қаторидан ўрин олди.

У телекўрсатувларнинг ҳар бир сонини тайёрлаш жараёнида даврга мос янги ғоя, қизиқарли, мазмунли ва ранг-баранг бўлиб чиқишига ҳаракат қилади. Унинг тажрибаси, билими ва айниқса дунёқараши кенг журналист эканини инобатга олиб, 2014 йилдан бошлаб «Ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий кўрсатувлар» бош таҳририятининг шарҳловчиси этиб катта сиёсий аҳамиятга эга «Инсон манфаати,» «Муҳим суҳбат,» «Кун мавзуси,» «Президент қарорлари ҳаётда ва назоратда» каби кўрсатувларни тайёрлаш топширилади. Сўнгги етти йилда «Очиқ микрофон» номли жонли эфир тайёрлаб унда фуқароларнинг мурожаатларига журналистик ўрганишлар бўйича тегишли соҳаларнинг масъул раҳбарлари билан тўғридан-тўғри кўрсатишда муаммога тўғри ечим топиш сирларини фуқароларнинг мурожаатларига журналистик ўрганишлар бўйича тегишли соҳаларнинг масъул раҳбарлари билан бевосита кўрсатишда муаммога тўғри ечим топиш сирларини ўзлаштириб келмоқда. Унинг юксак истеъдоди, айниқса, «Ўзбекистон 24» телеканали ходимлари билан ҳамкорликда тайёрланадиган «Муносабат» кўрсатувида телемост ва теледебатларда яққол кўзга ташланиб, компания жамоасига ташаккурнома билан тақдирланишига сабаб бўлди.

Шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган «Инсон қадри учун» тамойили асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни махсус кўрсатувларда кенг ёритиб келмоқда. Айниқса, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида, шунингдек, бир қатор муҳим қарор ва фармонлари билан қабул қилинган Орол денгизининг қуриши оқибатида келиб чиққан муаммоларни бартараф этиш, Оролбўйи атрофидаги аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш каби устувор вазифалар шулар жумласидандир.

З.Жабборбергенова «Қорақалпоғистон» телеканали «Ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий кўрсатувлар» бош таҳририяти бош муҳаррири бўлишига қарамасдан республиканинг энг чекка ҳудудларида ижодий сафарда бўлиб, катта ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида репортажлар, журналистик саволлар, интервьюлар, суҳбатлар тайёрлаб, кўрсатувнинг сифати ва савиясини яхшилашда тинмай меҳнат қилиб келмоқда. Жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Референдуми ва 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича Тўрткўл туманидаги «Кўкча» ва «Мискин» маҳаллаларидан аҳолининг кўтаринки кайфиятини акс эттирувчи тарзда мобил репортажлар тайёрлаб, фаоллик кўрсатади.

У жамоат ишларида фаол иштирок этади ва ҳамкасблари орасида ўз ҳурматига эга инсон. У устозларидан тажриба сабоғини олган ва ўзи ҳам тўплаган тажриба ва билимларни ёшларга ўргатишдан чарчамайдиган журналист.

– Биринчи устозим онам, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ўғилжон Жуманиязова. У кичкиналигимдан телевидениега бўлган қизиқишимни ошириб, журналистикага кириб келишимга сабабчи бўлди. Касб сирларини ўргатиб, машаққатли касб сирларини ўргатишда чарчамаган устозларимнинг барчасига миннатдорчилигим чексиз, – дейди у.

Шунингдек, у Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Қумар Бегниязова, Ўзбекистон миқёсидаги бир қатор танловлар ғолиблари бўлган Қорақалпоғистон телеканали бош муҳаррири Ҳамида Султамуратова, Қорақалпоғистон радиоканали бош муҳаррири Гўззал Якубаева каби кўплаб шогирдларнинг қадрли устози. Яна ҳам кўп шогирдларининг илмий ишларида маслаҳат бериб, тўғри йўл-йўриқ кўрсатишдан чарчамайди.

Яхши сўз, рағбатга ўч касб эгалари меҳнатининг баҳоланиши уларни янада олдинга интилиб, янги бунёдкорлик ишларига асос бўлади. У 2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг эсдалик нишони билан тақдирланди.

Жорий йил 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев томонидан қимматбаҳо совға топширилди.

2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан 5 декабрь – Бутунжаҳон рақобат куни муносабати билан ОАВ, журналист, блогерлар ва соҳа вакиллари учун ташкил этилган «Рақобат билан ривожланиш сари» танловида сертификат билан тақдирланди.

Аёл бахтининг 99 фоизи унинг оиласи билан тўлиқ бўлади деганларидек, Зулфия оилада умр йўлдоши Мамбетиёр Шерозов билан тўрт фарзандни вояга етказиб, набиралар кўрган намунали оила эгаларидир.

– «Олтин қалам» халқаро танловига танқидий руҳдаги ижодий ишларимни тақдим этган эдим. Юртбошимиз томонидан барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар биз журналистларни ҳам ғайрат-шижоат билан ишлашга асос бўлмоқда. Лекин жойларда муаммолар ҳам йўқ эмас. «Танқид тузалмай, айб тузалмайди» деганларидек, учраётган муаммоларни кўрсатувларда танқид қилиш ва бартараф этиш вазифаси доимо елкамизда масъулият бўлиб туради. Шу йўналишдаги кўрсатувларим танловда учинчи ўринни олганидан хурсандман. Бу нафақат менинг, балки биринчи навбатда устозларимнинг, жамоамнинг, бутун қорақалпоғистонлик журналистларнинг меҳнатлари маҳсули деб биламан, – дейди у.

Журналист бир жойда тўхтаб қоладиган касб эгаси эмас. Унинг ракурсида ҳар куни янги қаҳрамонлар, тезкор тайёрлаб «иссиқ» халққа тақдим этадиган янгиликлар, минг ўйлаб, юз тўлқинланиб, туни билан киприк қоқмай туғиладиган мақолалари ҳаёт мазмунига айланиб кетган. Ушбу машаққатли касб орқали халқ олқишини олиб, эл ардоғига сазовор бўлиб келаётган журналистлар қаторида Зулфия ҳам янги ташаббуслар, янги кўрсатувлар тайёрлаш билан ҳар куни телевидениенинг «қозонида қайнаб пишиб» келаётган тажрибали журналист қиз. Куни кеча қўлига олган «Олтин қалам»и уни янада ижодий меҳнатга руҳлантириб, келажак сари интилтирмоқда…

Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги