Чимбой шар бозори-замонавий кўринишга эга бўлмоқда

263

Мамлакатимиз мустақилликка эришгунча, шов-шувли Чимбойнинг шар бозори тўр симлар билан ўралган беш-олти қатор томи ёпилган ёзги чортоққа эга жой эди. Болалигимда онамнинг изидан эргашиб, ёмғирли кунлари тиззагача ботқоққа ботиб, бозор кезганим ҳали эсимда. Бозордагиларнинг кўпчилиги очиқ майдонда ўтириб савдо-сотиқ қилди. У йиллари шаҳар ва қишлоқ ўртасида жамоат транспорти ва гўшт олиш масалалари жуда мураккаб эди.

Онам менга 10 донаси 1 сўм бўлган, пирожки ёки мантини олиб бериб, ўзи соатлаб, гўшт олиш ниятида дуконларда навбатта» турганлари ҳали кўз олдимда гавдаланади.

Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг республикамиз ва туман раҳбарлари томонидан Чимбойда савдо-сотиқ маданиятини юксалтириш ва одамларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида, собиқ шар бозор ўрнида замонавий ёпиқ бозор ва унинг атрофига турли савдо дўконлари қурилди. Ички йўллари таъмирланиб, қатор оралари асфалтланди.

Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, тадбиркорларга ўз ишларини янада кенгайтиришларига кенг имкониятлар яратиб бериш бўйича чиқарган фармон ва қарорлари асосида, Чимбой туманида ҳам саноат ва тадбиркорлик соҳаси ривожланди.

– Муҳтарам Президентимизнинг 2025 йил 1 апрелдаги «Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар) ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги қарори асосида, туманимиз бўйича 25 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, ҳозирги вақтда ушбу лойиҳалар доирасида хорижий инвесторлар, тадбиркорлар ва вазирликлар томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Чимбой тумани ҳокимлигининг иқтисодиёт ва молия бўлими бош мутахассиси Ҳамид Қидирниязов.

– Чимбой деҳқон бозори ҳудудидан 0,26 гектар ер ажратилиб, ҳозирги кунларда 5 қаватли замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш комплексининг 3 қаватини қуриш ва монтаж қилиш, иккинчи қаватини сувоқ қилиш ишлари олиб борилмоқда,-дейди «Альянс Арал строй С» масъулияти чекланган жамияти прораби Айтбай Сейитирзаев.-Қурилиш ишларини жадал олиб бориш учун «Микрокредитбанк»дан махсус маблағлар ажратилиб, қурилиш материалларини тўхтовсиз олиб келиб турибмиз. Ҳозирги кунда қурилишда 30 дан ортиқ ишчи усталар ва махсус транспортлар вақт билан ҳисоблашмасдан иш олиб бормоқда. Уларнинг унумли меҳнат қилиши учун, иш бошида иссиқ овқатлар тайёрланиб, дам олиши учун барча қулай шароитлар яратиб берилган. Шу боис жамиятимиз аъзолари ушбу бунёдкорлик ишларини ўз вақтида якунлаб, халқимиз манфаати учун топшириш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Президентимизнинг махсус қарори асосида, Чимбой туманини жадал комплекс ривожлантириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Чимбой Деҳқон бозори ҳудудида қад ростлаётган 5 қаватли савдо мажмуаси эса, инсон қадри тамойили асосида, қилинаётган эзгу ишларнинг яққол намунасидир.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.