Медалинг қутлуғ бўлсин Нодира

Она учун фарзандининг қувончли кунларини кўриш қандай бахт. Хўш, кампир опа учун-чи? Уни тил билан айтиб бериш қийин. Тахтакўпирнинг Қоратеран қишлоғида туғилиб ўсган Нодира Абдуғаниева яқинда 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган байрамда Президентимиз томонидан «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланди. Ўтган йили шу санада у «Умид учқуни» кўкрак нишони билан тақдирланган эди. Президентимиз томонидан топширилган медаль ва унинг қорақалпоғистонлик ёшлар номидан сўзлаган нутқи ўша куни 80 ёшни қаршилаётган кампир опаси учун катта совға бўлди.
Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиб, ҳунар ўрганиб, жамиятда ўз ўрнини топиши учун барча имкониятлар яратилган. Ёшлар сиёсати кенг кўламда олиб борилаётган мамлакатимизда уларни қўллаб-қувватлаш, фаоллигини ошириш, жамиятнинг етакчи вакилларига айлантиришда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар бугун уларнинг ютуқлари.
Нодиранинг кичкиналигидан билим олишга, келажакка қараб интилишга иштиёқи кучли бўлди. Лекин, тақдир экан, отасининг бевақт дунёдан кўз юмиши (Нодира ўша пайтда ўн икки ёшда эди) уни янада ҳушёр, чаққон бўлиб тобланиб, онасининг ёнида туриб синглиси билан бирга яна ҳам кучли, билимли бўлиб етишиб чиқишга интилдиради. Бувиси ҳам уни доимо қўллаб-қувватлаб, бир томони камчилигини тўғри тарбия ва ҳақ дуолари билан тўлдириб ўтирди.
У Бердақ номидаги ҚДУнинг хорижий тиллар факультетида давлат гранти асосида таҳсил олади. Дарсларидан яхши ўқийдиган қиз тез орада тенгдошлари орасида билими, чаққонлиги билан ажралиб турди. Шу боис у Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлишга муяссар бўлди. Унинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқиши университетнинг бакалавр босқичида ўқиб юриб, халқаро грант асосида ғолиб бўлиб, Европанинг нуфузли олий ўқув юртларидан бирида бир йил давомида таълим олишига асос бўлади. Европада бир неча мамлакатларнинг таълим тизими ва маданияти билан танишиб, тажрибаси ортган қиз келажакда янада кўп ўқиб, изланиб, илм билан шуғулланишни олдига мақсад қилиб қўяди. Нодира айни пайтда Бердақ номидаги ҚДУнинг магистратура босқичи чет тиллар факультетида инглиз тили-лингвистика йўналишида таҳсил олмоқда.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг мамлакатимиз ёшлари билан суҳбатида иштирок этган Нодира Абдуғаниеванинг ҳам барча ёшлар қатори ўзига катта мотиватсия олиб, ёрқин келажакка бўлган ишончи янада ортди.

– Учрашув давомида мени жуда руҳлантирган нарса ҳурматли Президентимизнинг «Нодира сен бахтли қорақалпоқ қизисан. Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлиб, Европада ўқиб келганинг, қувонч кўз ёшларинг бизнинг йўлимизнинг тўғрилигидан дарак беради ва сендек қизни тарбиялаган ота-онангга раҳмат» – деган сўзлари мен учун бир умрга мотиватция бўлди, – деган эди у аввалги суҳбатимизда қувончли тарзда. Президентимиз суҳбат чоғида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, мутахассислик эгаллаши, улар учун тадбиркорлик субъектлари ва бўш иш ўринлари яратиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланувчи ёшларга солиқ имтиёзлари яратилиши ҳақида сўзлар экан, мени шундай инсон қадри ҳамма нарсадан устун турадиган мамлакатда яшаётганим учун фахр-ифтихор туйғулари чулғади. Айниқса, Президентимизнинг «Мен бир ҳаётий фикрни такрорлашдан чарчамайман: бир қизни ўқитсак, бутун оилани ўқитган бўламиз. Оила билимли, маърифатли бўлса, бутун жамият маърифатли бўлади. Бу борадаги ишларни янада жадал давом эттирамиз,» -дегани юртимиздаги ҳар бир қизга бўлган оталарча ғамхўрлиги билан катта куч-ғайрат бағишлайди, деб ўйлайман.
Куни кеча азим Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ёшлар кунида Президентимизнинг «Сизларнинг ютуғингиз – кўпмиллатли халқимизнинг ютуғи. Биз бутун халқимиз билан, сиз, азиз фарзандларим билан улуғ мақсадларимизга албатта етамиз, деб ишонаман!,» деган сўзлари ҳар бир ёшни тўлқинлантириб, келажакка бўлган ишончини оширади, деб ўйлайман.

Нодира бугун кўксига тақилган «Келажак бунёдкори» медали билан юртимизнинг ёрқин келажагини қурадиган фаол ёшларимиздан бири. Оддий қишлоқ қизининг бундай ютуқлари барча ёшларга ўрнак бўлса арзийди. У кўнглига туккан мақсадлари сари олға қадам ташлар экан, эл-юртига муносиб фарзанд бўлиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшишга бел боғлаган. Бу йўлда унга фақат омад тилаймиз.
Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги