Озарбайжон делегацияси мамлакатимизга ташриф буюрди

Озарбайжон Рақамли ривожланиш ва транспорт вазирлиги делегацияси мамлакатимизга ташриф буюрди.
Сафар давомида меҳмонлар дастлаб мамлакатимиз Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли транспорт маркази» Давлат муассасаси фаолияти билан яқиндан танишди. Томонлар шаҳар жамоат транспорти тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, амалиётга татбиқ этилаётган рақамли ечимлар юзасидан билим ва тажриба алмашди.

Ташриф дастурига мувофиқ халқаро автомобиль ташуви бўйича шерикликни мустаҳкамлаш, ушбу йўналишда миллий ташувчилар иштирокини кенгайтириш, мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Қардош давлат вакиллари тегишли мутахассислар билан учрашув ўтказишди, “Яллама” ва “Довут ота” чегарадан ўтиш манзилларидаги замонавий инфратузилмани кўздан кечиришди.
М.Пирматова, ЎзА