Тахиатошда йирик савдо маркази қурилмоқда

Тахиатош туманида тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий сектор фаолиятини янада жонлантириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида қурилиш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари учун замонавий ва барқарор инфратузилма яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун махсус саноат зоналари ташкил этилиб, уларда янги ишлаб чиқариш бинолари, савдо мажмуалари ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда. Ҳар бир бино электр, сув, канализация, интернет ва йўл билан таъминланиб, тадбиркорлар учун барча шароитлар яратилмоқда.

Шунингдек, қурилиш жараёнларида замонавий архитектура, энергия тежамкор технологиялар ва экологик стандартлар инобатга олинмоқда. Бу эса нафақат тадбиркорлик фаолияти учун, балки атроф-муҳит ва аҳоли учун ҳам қулай шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда тумандаги бунёдкорлик ишлари нафақат иқтисодий ўсишни таъминлаш, балки хусусий сектор орқали аҳолининг даромад манбаларини кенгайтириш ва ҳудудни ижобий инвеститсиявий муҳитга айлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли.

Шулардан бири «Тозабай Строй» МЧЖ бўлиб, тадбиркор томонидан туман марказидан йирик савдо марказининг қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
– Янги марказ умумий майдони 2433 квадрат метр ҳудудда жойлашади. Унда якка тартибдаги савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат бўлимлари, умумий овқатланиш жойлари (кафе ва ошхоналар), шунингдек, болалар ва оилалар учун дам олиш масканлари фаолият юритиши режалаштирилган. Савдо марказини тўлиқ замонавий архитектурада, хавфсизлик ва қулайлик талабларига жавоб берадиган тарзда барпо этишни режалаштирганмиз. Барча павильонлар электр, сув, канализация ва интернет тармоқларига уланади, – дейди «Тозабай строй» МЧЖ раҳбари Тозабай Казаков.

Аҳолига хизмат кўрсатиш маркази режага мувофиқ қуриб битказилиб ишга тушса, албатта, мижозлар кўнглидан чиқадиган марказга айланиши шубҳасиз.


Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
М.Ҳабибуллаев олган суратлар