Парламентлараро иттифоқ Ўзбекистоннинг жаҳон парламентаризми ривожига қўшган ҳиссасини яна бир бор эътироф этди
Парламентлараро иттифоқ ташкил этилганининг 136 йиллигига бағишланган махсус видеороликда 2025 йилда Тошкентда муваффақиятли ўтказилган 150-Ассамблеянинг аҳамияти алоҳида таъкидлаб ўтилган. Ушбу тадбир халқаро парламентаризмни ривожлантириш ва демократик қадриятларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этгани қайд этилади.
Бундай нуфузли ва кенг кўламли тадбир Марказий Осиёда биринчи марта ташкил этилгани нафақат Парламентлараро иттифоқ, балки бутун халқаро ҳамжамият учун тарихий воқеа бўлди. 130 дан ортиқ мамлакатлардан парламент делегацияларини тўплаган 150-Ассамблея Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ишончли ва масъулиятли ҳамкор сифатидаги аҳамияти тобора ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Шунингдек, Парламентлараро иттифоқ Ассамблеянинг ташкилий даражаси, мулоқотга очиқлиги, шунингдек, Ўзбекистоннинг ижтимоий адолат, барқарор ривожланиш, иқлим ўзгариши ва рақамли тенглик каби глобал муаммоларни муҳокама қилишдаги фаол ёндашувини юқори баҳолади.
Ассамблеянинг гендер тенглик масалаларига бағишланган махсус секциясида Ўзбекистон парламенти “Гендер тенгликка эришамиз: ҳаракатлар кетидан ҳаракатлар!” шиори остидаги глобал кампанияни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлагани алоҳида таъкидланди.
