Одам савдоси ҳудуд, чегара, макон танламайдиган жиноят

Бугунги кунда дунёдаги долзарб муаммолардан бири одам савдосидир. Бу иллатнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида мамлакатимизда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Одам савдоси ҳудуд ва чегара, макон танламайдиган жиноят ҳисобланади.
2013 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган. Ҳозирги вақтда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг ажралмас таркибий қисми бўлган бу турдаги жиноят сайёрамизнинг барча жойларида учрайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, ундан жабрланганлар сони бир неча миллион кишини ташкил этиб, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг асосий қисмини аёллар ва болалар ташкил этмоқда.
Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш, юртдошларимизнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолишига йўл қўймаслик мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган. Қонунга мувофиқ, одам савдосига қарши курашиш одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, тўхтатиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятни ўз ичига олади.

Июль ойи Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан одам савдосига қарши курашиш ойлиги этиб белгиланган. Шу муносабат билан, партия аъзолари томонидан аҳоли ўртасида одам савдосининг салбий оқибатлари ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш режалаштирилган.
Шундай муҳим тарғибот тадбири партиянинг Тахиатош тумани Кенгаши томонидан ўтказилди.
Тадбирда партия фаоли Халқ депутатлари Тахиатош тумани Кенгаши депутати С.Бекимбетова иштирок этиб, ҳудуд аҳолисига сўнгги йилларда жамиятимизда юз бераётган одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ва унинг оғир оқибатлари ҳақида кенг тушунчалар берди.
Учрашувда ҳудуд аҳолиси томонидан маърузачиларга одам савдосига қарши қандай курашиш кераклиги бўйича бир қатор саволлар берилиб, уларга тегишли жавоблар олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги