Амазон омборларида тез орада роботлар сони одамлар сонидан ошиб кетиши мумкин (+видео)

Американинг йирик технологик компанияси Амазон омборларида фойдаланилаётган роботлар сони тез орада у ерда ишлаётган одамлар сонидан ошиб кетиши мумкин.
Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Амазон омборларида ҳозирда бир миллиондан ортиқ робот ишламоқда. Бу компания учун рекорд кўрсаткич бўлиб, роботлар сони деярли ходимлар сонига тенглашган. Амазон орқали етказиб бериладиган буюртмаларнинг 75 фоизида роботлар бевосита иштирок этади. Бу эса компанияга иш унумдорлигини ошириш ва янги ходимларни ишга олиш суръатини камайтириш имконини берган.
WSJ эслатишича, Амазон 2012 йилда роботлар ишлаб чиқарувчи Kiva Systems(ҳозирги Amozon Robotics) компаниясини 775 миллион долларга сотиб олганидан буён омбор жараёнларини автоматлаштириш устида фаол ишламоқда. Дастлаб роботлар асосан оғир юкларни ташиш учун ишлатилган, аммо вақт ўтиши билан улар юкларни кўтариш, саралаш ва қадоқлаш каби вазифаларни ҳам бажара оладиган даражага етказилган.
Amozon Roboticsнинг техник директори Тай Бреди The Wall Street Journalга берган интервьюсида автоматлаштириш жараёни ишчиларнинг оммавий ишдан бўшатилишига олиб келмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, роботлар ходимларнинг ўрнини босиш учун эмас, балки уларнинг ишини енгиллаштириш мақсадида жорий қилинмоқда.
Бироқ, WSJнинг айрим экспертлари Амазон келажакда йирик омборларида ишчилар сонини сезиларли даражада камайтиришни исташи мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
Фардона Яхшибоева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА