Ёш қаламкашлар ижоди – доимий эътиборда

193

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан мамлакатимиз ёшлари иштирокида ўтказилган учрашувда навқирон авлод таълим-тарбиясида китобсеварлик, санъат ва маданиятнинг аҳамияти ғоят катта эканига алоҳида эътибор қаратди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятида ёш истеъдодларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқаришга кўмаклашиш, китобхонликни мамлакатимиз бўйлаб тарғиб этиш масаласи устувор ўрин эгаллайди.

Уюшмада ёшлар иштирокида ўтказилган “Хиёбон оқшомлари” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги “Ижодий баҳс” беллашувида бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёш ижодкорлар учун яратилаётган шароитлар, миллий адабиёт, китобхонликни ривожлантириш борасидаги амалий ишларнинг моҳияти ва кўлами хусусида батафсил сўзлади.

“Ижодий баҳс” давомида ёш қаламкашларнинг шеърларидан намуналар ўқилди. Устоз шоирлар, адабиётшунос олимлар ёшларнинг шеърларини атрофлича таҳлил этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Айтиш керакки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодини элга таништириш мақсадида бир қатор лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.

“Менинг биринчи китобим”, “Хиёбон оқшомлари”, Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари, ёш таржимонларнинг республика форуми, турли тилларда ижод қилаётган ёшлар иштирокидаги “Дўрмон баҳори” адабий фестивали, адабиёт, шеърият байрамлари, турли ижодий танловлар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, адабиётга ўз сўзи билан дадил кириб келаётган бир қатор ёш адиб ва шоирларнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиниши қаламкашларни янада руҳлантирмоқда.

Уюшма сафига бир гуруҳ ёш қаламкашларнинг қабул қилингани улар учун унутилмас байрамга айланди.

Тадбирда ёшларга миллий адабиётимизнинг энг сара намуналаридан иборат китоблар жамланмаси тақдим этилди. Уларнинг келгусидаги фаолиятига оқ йўл тилаб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига оид гувоҳномалар топширилди.

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири