Орол болалар нигоҳида

«Долзарб 90 кун»
Мактабгача ва таълим вазирлиги ҳузуридаги Республика «Баркамол авлод» болалар мактаби тўгарак аъзоларининг салоҳиятини янада ошириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистонда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика «Баркамол авлод» болалар мактаби ва Қорақалпоғистон Республикаси «Баркамол авлод» болалар мактаби томонидан «Орол болалар нигоҳида» танлови ташкил этилган эди.
Танлов доирасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб 400 га яқин ўқувчидан 600 га яқин ижодий ишлар йиғилиб, кўргазмага танлаб олинди. Бундан кўзланган асосий мақсад ёш авлоднинг Оролбўйи ҳудудидаги экологик масалаларга бўлган муносабатини ижодий ишлари орқали кўрсатиб, уларда атроф-муҳитга бўлган маданиятини шакллантириш, бутун дунё Орол муаммоларига жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш ҳисобланади. Танловда 7-16 ёшгача бўлган туман (шаҳар) «Баркамол авлод» болалар мактабларидан жами 400 га яқин тўгарак аъзолари иштирок этди.


Танловнинг якуний босқичида ғолибларни тақдирлаш маросими Республика «Баркамол авлод» болалар мактабида бўлиб ўтди. Унда 7-10 ёш, 11-13 ёш, 14-16 ёш оралиғидаги 1,2,3-ўрин ғолиблари аниқланди. Шунингдек, «Қадриятлар ўчоғи Орол» номинацияси билан Мўйноқ тумани «Баркамол авлод» болалар мактаби тўгарак аъзоси Мунира Умирзакова, «Менинг орзумдаги Орол» номинацияси билан Мўйноқ тумани «Баркамол авлод» болалар мактаби тўгарак аъзоси Баршиной Мнажатдинова, «Орол эртаги» номинацияси билан Республика «Баркамол авлод» болалар мактаби тўгарак аъзоси Сарбиназ У. Узоқбоевлар ғолиб деб топилди. Танлов ғолибларига ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.




-Орол фожиаси бўйича ижодий ишим биринчи ўринга лойиқ деб топилгани учун хурсандман. Келгусида ҳам турли мавзудаги расмлар чизиб, ижодий меҳнатимни бойитиб боришга ҳаракат қиламан, – дейди 11-13 ёш оралиғида биринчи ўрин соҳиби, Ж.Изентаев номидаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчиси Шаряр Тўрениязов.
Тадбир юртимизда олиб борилаётган «Долзарб 90 кун» тадбири доирасида болаларнинг дам олиш кунларини мароқли ўтказиш мақсадида амалга оширилди.




Қорақалпоғистон ахборот агентлиги