«Назлимхон сулув» балети премьераси бўлиб ўтди

266

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган санъат арбоби Қ.Заретдиновнинг «Назлимхон сулув» балетининг премьераси бўлиб ўтди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, Хўжайли тумани ҳокими Ж.Ермашев, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва фаоллар иштирок этди.

Дастлаб театр директори П.Мамутов сўзга чиқиб балет ҳақида маълумот берди.

Балет либреттоси муаллифи – Ўзбекистон Республикасига хизмат кўрсатган, Қорақалпоғистон халқ артисти З.Нуримбетов. Саҳна безакларига ўзига хос нафислик ва бетакрорлик бахш этган саҳналаштирувчи рассом – Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби З.Саипов, балет қаҳрамонлари образларини янада жонли ва жозибали қилган либослар бўйича рассом – Б.Серекеев.

Кўп асрлик тарихимиз – «Миздакхон» мажмуасидаги энг ажойиб бебаҳо меросимиз, тенгсиз гавҳаримиз ва бенуқсон фахримиз бўлган «Назлимхон сулув» тарихий ёдгорлигига бағишланган ушбу балет театр санъаткорлари томонидан юксак маҳорат билан ижро этилди.

Томошабинлар балетни юқори баҳолаб, балет учун театр жамоасига ўз миннатдорчилигини билдириб, бундай бадиий асарлар миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, туризм соҳасини янада ривожлантириш ва ёшларнинг маданиятга бўлган меҳрини уйғотишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Театрдаги бу янгилик нафақат мазкур театр ҳаётида, балки санъат ихлосмандлари қалбида ҳам ўчмас таассурот қолдириши шубҳасиз. Ҳар бир ҳаракатда, ҳар бир қадамда нафосат ва туйғу мужассам бўлган ушбу балет спектакли орқали театр ўз томошабинларига янада ранг-баранг, янада юксак завқ бағишлашни мақсад қилган.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.