Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 2 июль куни давлат ташрифи билан Боку шаҳрига келди.

Пойтахтдаги Ҳайдар Алиев номидаги аэропортда давлатимиз раҳбарини Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Яқуб Аюбов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

 «Загулба» қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди.

 Қароргоҳ олдидаги майдонда икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.

Олий мартабали меҳмонни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев самимий кутиб олди.

Давлат мадҳиялари янгради. Ҳарбий оркестр садолари остида фахрий қоровул давлат раҳбарлари олдидан саф тортиб ўтди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев тор доирада учрашув ва Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишини ўтказдилар.

 Ўзбекистон – Озарбайжон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида кооперация ва алмашинувларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Президентимиз бу галги давлат ташрифи ва Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган йилда ўтаётганини алоҳида таъкидлади.

– Муносабатларимиз тарихда ҳеч қачон бугунгидек юксак даражада бўлмаган, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Президентлар кўп қиррали ҳамкорлик барча даражаларда жадал ривожланиб бораётганини қайд этдилар. Куни кеча Хива шаҳрида биринчи Парламентлараро форум бўлиб ўтди. Бокуда Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ҳудудлар форуми самарали ўтди. Яқинда Андижонда илк бор ректорлар форуми ташкил этилиб, 60 дан ортиқ шартнома имзоланди. Озарбайжоннинг «Ширвон» ансамбли Хива бахшичилик фестивали гран-присини қўлга киритди.

Иқтисодий кооперация йилида товар айирбошлаш ҳажми 25 фоизга ошди. Лойиҳалар портфели 4 миллиард долларга етган. 300 га яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.

Парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар ва ҳудудлар даражасидаги амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди. Халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажмини йилига 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди. Саноат, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм, банк ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олган алоҳида Кооперация дастури қабул қилинаётгани таъкидланди.

Қўшма инвестиция компанияси фаолиятини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Тадбиркорлар кенгаши ҳамда Саноат ва иқтисодий зоналар форуми каби ҳамкорликнинг янги форматлари қўллаб-қувватланди.

Транспорт-коммуникация соҳасидаги шерикликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўрта йўлакни ривожлантиришда иштирок этиш лойиҳалари муҳокама қилинди.

Ушбу йўлак орқали ташилаётган Ўзбекистон юклари ҳажми 25 фоизга – 1 миллион тоннадан зиёдга ошгани мамнуният билан қайд этилди. Бундан ташқари, жорий йил март ойидан бошлаб юк ташишда электрон рухсатномаларга ўтиш таъминланди.

Шунингдек, Европага электр энергиясини экспорт қилиш бўйича қўшма лойиҳани тайёрлашни жадаллаштиришга келишиб олинди.

Дипломатик муносабатлар юбилейини муносиб нишонлаш мақсадида томонлар жорий йилнинг кузида қатор қўшма маданий ва ёшлар тадбирларини ўтказишга қарор қилдилар.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Мажлисда Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари, транспорт, энергетика ва маданият вазирларининг музокаралар кун тартиби юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Йиғилиш якунлари бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Боку шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши қарорини қабул қилдилар.

 Давлат раҳбарлари ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилди. Шу жумладан:

– Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани 2025-2029 йилларда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»;

– Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;

– Фан, касб-ҳунар ва олий таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;

– 2025-2026 йилларга мўлжалланган саноат кооперацияси дастури;

– 2030 йилга қадар товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш дастури;

– 2025-2027 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси;

– 2025-2027 йилларда ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси;

– Кемачилик ва кемасозлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Тошкент вилояти ва Сумгаит шаҳри, Навоий ва Габала шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги келишувлар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар якунлари юзасидан фикр билдирдилар.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида Ўзбекистон Президент Илҳом Алиев раҳбарлигида Озарбайжонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар ва мамлакат эришаётган юксак натижалардан чин дилдан хурсанд эканини таъкидлади.

– Сиз отангиз ва ҳар бир озарбайжонликнинг азалий орзусини рўёбга чиқардингиз – мамлакат ҳудудий яхлитлигини тикладингиз. Қайтариб олинган ҳудудларнинг иқтисодиёти ва инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича фаол иш олиб боряпсиз, – деди мамлакатимиз етакчиси.

Озарбайжон Ўзбекистоннинг ишончли иттифоқчиси ва стратегик шериги экани таъкидланди. Бизнинг мақсадларимиз, қарашларимиз ва интилишларимиз ўхшаш. Халқларимизни азалдан қардошлигимиз ва ўзаро ишончимиз асосини ташкил этаётган тарих, қадриятлар, тил ва маданият боғлаб турибди.

Давлатимиз раҳбари бўлиб ўтган Олий давлатлараро кенгаш иккинчи йиғилишининг самарали натижаларини, унинг якунида муҳим қарор ва келишувлар қабул қилинганини юксак баҳолади.

Бу галги саммитга жиддий тайёргарлик кўрилгани таъкидланди. Биринчи Парламентлараро форум, Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ҳудудлар ва ректорлар форумлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, қатор маданий тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.

Музокараларда икки мамлакат ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани кенг кўламда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро майдонда яқин алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга қатъий интилиш тасдиқланди. Кўплаб долзарб глобал ва минтақавий муаммолар бўйича позициялар мос келиши қайд этилди. Шу маънода, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон барча ўткир муаммо ва зиддиятларни фақат тинч йўл билан, дипломатик саъй-ҳаракатлар орқали ҳал этиш тарафдори эканини таъкидлади.

Музокаралар чоғида икки томонлама савдо ва инвестициялар ҳажмини яқин йилларда 1 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма амалий чоралар кўришга келишиб олинди. Савдо ва кооперацияни рағбатлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинди.

Президентимиз таъкидлаганидек, амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ҳамкорликнинг амалдаги форматлари кенгайтирилади ва янги форматлари йўлга қўйилади. Гап Тадбиркорлар кенгашини тузиш ҳамда Саноат ва иқтисодий зоналар форумини ўтказиш ҳақида бормоқда.

Етакчилар транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратдилар. Бугунги кунда мамлакатларимизни боғлайдиган ва бошқа стратегик йўналишларга чиқиш имконини берадиган Ўрта йўлак фаол ривожланаётгани таъкидланди. Хусусан, баҳордан бошлаб ушбу йўлакда электрон рухсатномалар ишга туширилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон юкларини ташиш ҳажми 25 фоизга ошди. Уларнинг йиллик ҳажми бир миллион тоннадан ортди.

Европага «яшил» энергия экспорти бўйича қўшма лойиҳани илгари суришда эришилган ютуқлар қайд этилди.

Ўзбекистонда бўлажак «Озарбайжон» боғи ва ноёб «Sea Breeze» сайёҳлик мажмуаси лойиҳалари фаол тайёрланаётгани таъкидланди.

Жорий йилда икки қардош мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланиши муносабати билан ушбу муҳим санага бағишланган йирик тадбирлар, концертлар ва ёшлар форумларини биргаликда ўтказишга келишиб олинди.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари ҳамкорликка оид қўшма лойиҳа ва дастурларни қўллаб-қувватлаётгани учун озарбайжонлик ҳамкасбига миннатдорлик билдирди. Озарбайжонга бу галги давлат ташрифи натижалари иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга, қардош мамлакатлар ва халқларнинг барқарор тараққиёти ва фаровонлигига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи доирасида Боку шаҳрида «Ўзбекистон» боғига тамал тоши қўйишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Янги боғ пойтахтнинг нуфузли ва жадал ривожланаётган «Оқ шаҳар» мавзесидан ўрин олди.

Лойиҳага кўра, 4,5 гектар майдонда Ўзбекистоннинг бой маданияти ва анъаналарини намойиш этадиган улкан мажмуа барпо этилади.

Боғ ҳудудида юртимиз меъморий обидалари нусхалари, сайилгоҳлар, яшил ҳудудлар, меҳмонхона, турли хил савдо ва кўнгилочар масканлар ташкил этилади. Бинолар қурилиши ва безагида ўзбек миллий меъморчилиги анъаналари ҳамда нақшларидан фойдаланилади.

 

Маросимда икки давлат раҳбарлари биргаликда боғ пойдеворига рамзий капсула қўйиб, ушбу муҳим лойиҳа қурилишини бошлаб бердилар.

 

Шундан сўнг мамлакатимизнинг Боку шаҳридаги элчихонаси янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иштирок этдилар.

Етакчилар рамзий тасмани кесиб, дипломатик ваколатхонанинг янги биносини тантанали равишда очдилар.

Давлат раҳбарлари дипломатларнинг икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган самарали фаолияти учун яратилган шароитлар билан танишди.

Элчихона заллари Ўзбекистон ҳудудлари номи билан аталган. Президентимиз халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик рамзи сифатида заллардан бирига Қорабоғ номини беришни таклиф этди.

Якунда Президентлар элчихонанинг Фахрий меҳмонлар китобига тилакларини ёзиб қолдирдилар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга давлат ташрифининг биринчи куни якунида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамроҳлигида «Sea Breeze» дам олиш мажмуаси фаолияти билан танишди.

Ташриф чоғида Каспий денгизининг ғарбий соҳилидаги ушбу йирик халқаро сайёҳлик маркази фаолияти ҳақида тақдимот ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарига бу ерда яратилган шароитлар, дам олиш зоналари, пляжлар, спорт майдончалари, меҳмонхоналар, коттежлар ва турар-жой мажмуалари ҳақида маълумот берилди.

Лойиҳа замонавий «Каспий ривьераси»га айланган. Курорт қарийб 500 гектар майдонни эгаллаган. Бу ерда 6,5 километрлик пляж зонаси, 150 гектар майдонда яшил ҳудудлар ва дам олиш объектлари мавжуд бўлиб, 700 мингга яқин дарахт ва буталар экилган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи давом этмоқда.

ЎзА