Шушада ИҲТ бизнес форуми бошланди

173

Бугун Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) XVII саммити доирасида “Инвестиция ва савдога кўмаклашиш – ИҲТ минтақасида барқарор ривожланиш омили” мавзусидаги 6-бизнес форуми бўлиб ўтмоқда. Ушбу нуфузли халқаро тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан иборат делегациямиз ҳам иштирок этмоқда. Шунингдек, тадбирда Озарбайжон, Афғонистон, Тожикистон, Туркия, Қирғизистон, Покистон ва Қозоғистондан ёндош ташкилотлар масъул раҳбарлари қатнашмоқда.

Ўн давлатни бирлаштирган минтақавий ташкилот – ИҲТнинг асосий вазифаси аъзо мамлакатлар ўртасида барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш ҳамда савдо ва инвестиция соҳасидаги интеграцияни мустаҳкамлашдан иборат. 1985 йил Эрон, Покистон ва Туркия ташаббуси билан ташкил этилган тузилмага 1992 йилдан кейин Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидан етти мамлакат, жумладан Ўзбекистон ҳам қўшилган. Бугунги кунда ИҲТ доирасида савдо, транспорт, энергетика, туризм, қишлоқ хўжалиги, экология, соғлиқни сақлаш, таълим каби муҳим соҳаларда кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Республикамиз вакили тадбирда сўз олиб, Ўзбекистоннинг ташқи савдо алоқалари, минтақавий иқтисодий интеграция жараёнига таъсири ва юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот бераркан, аъзо давлатлар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлик ҳамда кооперация имкониятини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Хусусан, диёримиз Озарбайжон билан агросаноат соҳасида ҳамкорликдан манфаатдорлигини таъкидлади.

– Ҳамкорликка ҳар икки томондан қизиқиш кучли, чунки бизда логистика харажатини кескин камайтириш имкони бор, – дейди Д.Ваҳобов. – Ҳозир Озарбайжон орқали Европага экспорт яхши йўлга қўйилган, аммо импорт ҳажми оз. Шу боис келтириладиган товарлар нархи юқори. Қачонки мувозанатли айланмага эришсак, тадбиркорлар логистика харажатини камайтиради. Натижада таннарх тушади.

2024 йил якунига кўра, ИҲТ мамлакатлари билан умумий ташқи савдо айланмаси 11 миллиард доллардан ошди. Шундан 5,56 миллиард доллари экспорт, 5,48 миллиард доллари импорт.

Форум давомида B2B ва B2G форматларида учрашувлар ташкил этилиб, янги бизнес ғоялари, ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинмоқда. Анжуман тадбиркорларимиз учун янги бозорларга кириб бориш, ИҲТга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқа кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА