Такрорий экинлар қўшимча даромад манбаи

Ҳозирги кунда ердан унумли фойдаланиш, айниқса, ғалладан бўшаган майдонларда мавсумий ва экспортбоп экинларни жойлаштириш мамлакат қишлоқ хўжалигининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Беруний туманидаги “Иззат Жуманиязов” ва “Рейимбой бошлиқ” фермер хўжаликлари базасида амалий семинар ташкил этилди.
Семинарда Ўзбекистон Фермерлар кенгашининг Қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи М. Муҳаммадиев, Қорақалпоғистон Республикаси Фермерлар кенгаши жамғармаси раҳбари А. Ажимов, шунингдек, туманда фаолият юритаётган йирик ва ўрта фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Тадбир давомида ғалладан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида асосан мош ва полиз маҳсулотларини экиш масалалари муҳокама қилинди. Экспортбоп ва бозорда талаб юқори бўлган ушбу экинлар нафақат аҳоли истеъмолини қондириш, балки қўшимча даромад манбаи сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Мутахассислар ва тажрибали фермерлар иштирокида ўтказилган амалий машғулотлар чоғида ерга агротехник талаблар асосида ишлов бериш, уруғ танлаш, суғориш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, ўтказилган семинарда вазифаларни ўз вақтида ва тизимли равишда ташкил этиш, кечикишларга йўл қўймаслик борасида аниқ кўрсатмалар ва топшириқлар берилди.

Маълумот учун: Беруний туманида жорий мавсумда жами 3017 гектар майдонда дуккакли, сабзавот ҳамда полиз экинларини экиш режалаштирилган.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги