Давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистоннинг яшил тараққиёт йўли» китоби эътироф этилди

323

Боку шаҳридаги Ҳайдар Алиев марказида “Айланма иқтисодиёт ва барқарор экотизим” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Ушбу йўналишга оид масалалар юзасидан Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети 2019 йилдан буён дунёнинг нуфузли илмий-тадқиқот ва ақл марказлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар иштирокида “Иқтисодиёт ва менежмент тадқиқотчилари” халқаро илмий конференциясини мунтазам ўтказиб келмоқда.

Навбатдаги анжуман ушбу конференциянинг еттинчи йиғилиши ҳисобаланиб, Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети ташкил этилганлигининг 95 йиллигига бағишланди. Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад – замонавий глобал хатарлар ва тенденциялар шароитида айланма иқтисодиёт, барқарор экотизим, муқобил энергия, сунъий интеллект ва ижтимоий масъулиятли бизнес каби долзарб йўналишлардаги илмий-тадқиқот ишларини бирлаштириш, тажриба алмашиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кучайтиришдир.

Халқаро анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, АҚШ, Туркия, Германия, Россия, Швеция, Испания, Канада ва Саудия Арабистони каби мамлакатлардан 60 га яқин хорижий тадқиқотчи, олимлар, ақл марказлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Анжуман доирасида “Муқобил энергия манбалари орқали иқтисодий, экологик ва энергетик муаммоларни ҳал этиш истиқболлари” мавзусидаги панель сессияда Барқарор ривожланиш маркази экспертлари “Яшил тараққиёт йўлида: Янги Ўзбекистонда муқобил энергия имкониятлари” мавзусидаги маъруза билан қатнашди.

Маъруза давомида муқобил энергия манбалари орқали иқтисодий, экологик ва энергетик муаммоларни бартараф этиш истиқболи, глобал иқлим ўзгаришига мослашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, шунингдек, “яшил” иқтисодиётга ўтиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг муҳокама қилинди. Шу билан бирга, халқаро ҳамкорлик имкониятлари ва истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.

Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, биохилма-хилликни сақлаш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш борасида халқаро, минтақавий ва миллий даражада илгари сурган муҳим ташаббусларини ўз ичига олган “Янги Ўзбекистоннинг яшил тараққиёт йўли” номли китоб ҳам тақдим этилди.

Ушбу тўпламда давлат раҳбарининг “яшил” тараққиёт жараёнларига оид стратегик қарашлари, концептуал ғоя ва ёндашувлари баён этилган. Асарда, шунингдек, жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазият, глобал иқтисодиётдаги беқарорлик, озиқ-овқат ва энергия ресурслари етишмовчилиги, экологик муаммолар тобора кескинлашиб бораётгани, кенг қамровли халқаро ҳамкорлик ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳимлиги алоҳида таъкидланган.

Анжуман иштирокчилари мазкур китобни катта қизиқиш ва эҳтиром билан қарши олди. У нафақат концептуал ғояларга бой, балки амалиётга йўналтирилган йўл харитаси сифатида ҳам юқори баҳоланди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган муҳим ғоялардан бири – “….чекланган ер ва сув захираларидан унумли фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, “яшил” тараққиёт, “яшил” иқтисодиёт ва “яшил” энергетикага ўтиш орқали мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлаш мумкин. Бу – ягона ва энг тўғри йўлдир.”, деган қараш бўлди. Бу сўзлар Ўзбекистоннинг барқарор келажаги фалсафасини белгилаб бериб, кенг қамровли экологик ва иқтисодий ўзгаришлар учун муҳим йўл-йўриқ вазифасини бажаради.

Ўзбекистон “яшил” тараққиёт бўйича кенг кўламли ва муҳим дастурларни амалга оширишга киришган. Бу мамлакатнинг энергетика соҳасида стратегик бурилишини англатади. Иқтисодиётни трансформация қилиш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилинган.

Бугунги кунда “яшил” тараққиёт мамлакат иқтисодиёти ва жамиятининг барча соҳаларини қамраб олган ҳолда умуммиллий ҳаракатга айланмоқда.

Минтақавий ҳамкорлик орқали Марказий Осиёни “яшил” иқтисодиёт ва тоза энергиянинг глобал марказларидан бирига айлантириш мақсад қилинган.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатни узоқ муддатли барқарор ривожлантиришга қаратилган асосий ҳужжат сифатида, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, қайта тикланадиган энергия улушини кўпайтириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 фоизга камайтириш, саноатда энергия самарадорлигини ошириш, “яшил” инвестицияларни қўллаб-қувватлаш каби устувор вазифаларни белгилайди.

– Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича амалга оширилаётган сиёсий ва амалий чоралар нафақат миллий барқарорлик, балки бутун Марказий Осиё учун илғор тажриба сифатида хизмат қилмоқда, – деди Германиянинг Рур университети профессори Элхан Содиқзода. – Ўзбекистон бу масалаларга стратегик даражада комплекс ёндашиб, экологик, иқтисодий, энергетик ва ижтимоий муаммоларни ўзаро боғлиқ ҳолда ҳал этишга интилмоқда. Бундай тизимли ва кенг қамровли ёндашув халқаро миқёсдаги ҳамкорликни тақозо этади ва жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланиши зарур.

Низомий Ганжавий номидаги Барқарор ривожланиш ва яшил иқтисодиёт илмий-тадқиқот маркази директори Рена Ҳусейнова Ўзбекистон тажрибасини “минтақавий етакчилик ва стратегик ёндашув” сифатида таърифлади:

– Боку анжумани Ўзбекистоннинг глобал даражадаги “яшил” сиёсатдаги фаол ролини яна бир бор тасдиқлади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистоннинг яшил тараққиёт йўли” асари бутун минтақанинг барқарор ривожланиши учун илҳом манбаи ва амалий йўл харитаси сифатида эътироф этилди. Бу ташаббуслар нафақат миллий даражада, балки дунёдаги экологик ва иқтисодий таҳдидларга қарши курашда муҳим аҳамият касб этади.

Қайд этиш керак, Боку шаҳрида ўтказилган “Айланма иқтисодиёт ва барқарор экотизим” мавзусидаги халқаро анжуман мамлакатимизнинг “яшил” тараққиёт ва экологик барқарорликка қаратилган сиёсий ва илмий ёндашувларини халқаро майдонда намоён этишда муҳим платформа вазифасини ўтади.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА