Ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг асосий кучи

380

Юртимизда 30 июнь – Ёшлар куни нафақат байрам, балки юксак қадрлаш куни сифатида тарихга кирмоқда. Бу йилги байрам алоҳида кўтаринки руҳда ўтди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2025 йил 30 июнь куни ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда ўзининг беқиёс эътибори, меҳри, энг муҳими – ишончини яна бир бор амалда намоён этди. Бу йилги учрашув – нафақат самимий суҳбат, балки давлат раҳбарининг ёш авлодга бўлган юксак эътибори, келажакка бўлган умид ва ишончининг чинакам тасдиғи бўлди. «Ёшлар бизнинг энг катта бойлигимиз, энг асосий кучимиз,» деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.Мажлисда Президентимизнинг очиқ ва самимий, юрак тўридан янграган сўзлари ҳар бир инсонда ўзгача таассурот қолдирди. Учрашувда илм-фан, таълим, технология, бандлик, ижтимоий ҳимоя, маданият, сиёсий фаоллик ва ватанпарварлик каби қатор устувор йўналишлар ёшлар билан биргаликдаги суҳбатнинг асосий мазмунига айланди.

Давлатимиз раҳбари ёшлар билан нафақат суҳбатлашди, уларни тинглади, муаммоларини ёзиб олди, жойида ечим таклиф қилди. Мана шу ҳолат Президент сиёсатининг марказида инсон – айниқса, ёш авлод турганига яна бир амалий исбот.

Билимли, малакали кадр даражасига етган, замонавий ёшлар – келажагимиз пойдевори. Шу боис учрашувда Президентимиз мактабдан бошлаб олий таълимгача бўлган тизимда туб ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади. 200 дан зиёд олийгоҳ, 300 дан ортиқ техникум ва коллежларда ёшлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Эндиликда ИТ, робототехника, сунъий интеллект каби соҳалар ҳам ёшларнинг қизиқиш майдонига айланмоқда. Учрашувда таълим масаласи алоҳида ўринда турди. Президентимиз бу борада қуйидаги муҳим ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, 2026 йилга қадар 500 мингдан зиёд ёшлар учун замонавий касб-ҳунар марказлари ташкил этилади, 50 та йирик халқаро университетлар билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади, инглиз тилини оммалаштириш учун «Миллий тил сиёсати – 2030» дастурига алоҳида бўлим киритилади. «Ёшларимиз дунё билимларидан баҳраманд бўлиши учун барча эшиклар очиқ бўлиши керак,» – деди Шавкат Мирзиёев. Президентимиз ислоҳотлар бошланган илк кунларданоқ «илм – тарбия – инновация» занжирини яратишга киришилгани, бу саъй-ҳаракатлар бугун аниқ натижалар бераётганини таъкидлади. Масалан, ўтган йили юртимиз ёшлари топ-500 та олийгоҳга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Билимли ёшларимиз илк бор топ-5 таликдаги олийгоҳларга кириб, тарихий натижа кўрсатди.Бугунги кунда 30 дан ортиқ ёшларимиз дунёнинг топ-10 олийгоҳида, 500 нафари топ-100 ва 1 минг 500 нафари топ-300 дан ўрин олган нуфузли университетларда таълим олмоқда.

Президентнинг бугунги учрашуви аввалгиларидан мутлақо фарқ қилди: расмиятчиликдан холи, очиқ мулоқот руҳи ҳукм сурди. Учрашувда турли соҳаларда фаолият юритаётган, илм-фан, инновация, спорт ва санъатга яқин бўлган ёшлар иштирок этди. Улар ўз саволларини очиқ айтди, таклифларини берди, муаммоларни очиқ ёритди. Президентимиз эса уларга нафақат тингловчи, балки ечим таклиф этувчи лидер сифатида мурожаат қилди.

Давлат раҳбари ўз нутқида янги ташаббусга алоҳида урғу берди: «Энди ёшлар бизнинг сиёсатимиз объекти эмас, балки субъекти бўлиши керак,» – деди давлат раҳбари. Бу дегани, ҳар бир қарор ёшлар билан маслаҳатлашиб қабул қилинади, янги лойиҳа ва дастурлар ёшларнинг ғоя ва ташаббусларига таянган ҳолда юритилади, ўз кучига ишонган лидер ёшлар давлат бошқаруви тизимига фаол жалб этилади. Учрашувда ёшлар сиёсатининг маҳаллий даражадаги ижроси ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчилари фаолият юритаётгани, сўнгги етти йилда бошқарув кадрлари таркиби анча ёшариб, 40 ёшгача бўлган раҳбарлар улуши 37 фоиздан 65 фоизга етгани, маҳаллабай ишлаш тизими орқали жойларда иқтидорли ёшлар аниқланаётгани алоҳида қайд этилди.Бу орқали ҳар бир ёшга индивидуал ёндашув ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиши таъминланмоқда.

Президентимиз ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш масаласига ҳам тўхталди. Айниқса, ишсизлик ва иқтисодий эркинлик масалалари ҳар бир даврнинг бирламчи тарзда ечимини кутиб турган муаммоси экани таъкидланди. Учрашувда таъкидланганидек, 2025 йил якунига қадар камида 1 миллион нафар ёшлар иш билан таъминланади. Бу бевосита давлат кафолати остида бўлиши қатъий таъкидланди. Ёшлар бандлигини таъминлаш – давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. 2025 йил якунига қадар 8 мингдан зиёд янги лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилган. Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун эса 35 миллиард долларлик инвестиция ҳаракатлантирувчи куч сифатида лойиҳага йўналтирилади.Шундай лойиҳалар асосида 300 мингга яқин янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган бўлиб, бу эса ўз навбатида ёшларнинг келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз. Нафақат режалар, балки амалдаги тизимнинг самаралари ҳам ёдга олинди. Ёш тадбиркорларимиз ташкил этган 261 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошди. Илгари бу борада Тошкент шаҳри якка ўзи етакчилик қилган бўлса, бугунги кунга келиб Тошкент вилояти, Самарқанд, Андижон, Наманган, Фарғона ёшларининг бизнесдаги натижалари пойтахтдан қолишмаяпти. Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Хоразм ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича илғор ҳудудларга айланди.

2025 йил якунига қадар 300 минг нафар ёшлар «Ёшлар дафтари» асосида имтиёзли кредитлар билан таъминланади ва шу асосда янги «Ёшлар бизнес фонди» ташкил этилиб, давлат бюджети ҳисобидан маблағ ажратилади. Шунингдек, рақамли иқтисодиётга оид стартаплар, фрилансерлик ва электрон савдо соҳаси ривожлантирилади. Бу ташаббуслар ёшларда молиявий саводхонлик, масъулият ва мустақил фикрлашни ривожлантиради.

Президентимиз ўз нутқида ёшларнинг яшаш шароитлари, уй-жой муаммоси, соғлиғини сақлаш ва психологик қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталди. Улардан айримлари, масалан, «Ёшлар учун ижтимоий уйлар» дастурининг кенгайтирилиши, ҳар бир туманда «Ёшлар психологик маркази» очилиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари учун махсус грантлар миқдорининг оширилиши бу соҳада қанчалик олдинга силжишлар бўлишидан далолат беради. «Ёшлар қалбидаги дардларни сезмай туриб, сиёсат юритиш мумкин эмас,» – деди муҳтарам юртбошимиз.

Учрашувда тарбия, маънавият, ёт ғояларга қарши курашиш ва диний саводхонлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ёшларнинг қалби ва онгини мустаҳкамлаш борасида қуйидаги йўналишлар белгиланди: Мактаб ва университетларда «Фикрлаш маданияти» дарслари жорий этилади; Диний экстремизмга қарши ахборот-психологик иммунитет шакллантирилади; Ўзбек адабиёти, мусиқаси, тарихий мероси асосида тарбия кучайтирилади. Маънавий баркамолликнинг асоси албатта спорт экани яна бир бор ёдга олиниб, давлатимиз раҳбари ёшларнинг спортдаги ютуқларини ҳам фахр билан санаб ўтди. Жумладан, ўзбекистонлик спортчилар илк бор ФИФА Жаҳон чемпионатига йўлланма олгани тарихий воқеа сифатида баҳоланди. Шу билан бирга, 2024 йил якунига қадар спорт мактаблари сони 2 баробар ошгани ва спорт объектлари қамрови кенгайгани маълум қилинди. «Жисмоний соғлом, маънавий баркамол ёшлар – миллат таянчи,» – дея таъкидлади Президентимиз.

Бу йилги байрам алоҳида кўтаринки руҳда ўтди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда ўзининг чуқур эътибори, меҳри, энг муҳими – ишончини яна бир бор амалда намоён этди. Учрашув доирасида иқтидорли, интилувчан, фидойи ёшларнинг бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланди. Бу – ёш авлодга берилган юксак баҳо, ёшларга, ўз фарзандларига оталарча кўрсатилган меҳр, ғурурли фарзандларга билдирилган миннатдорлик ифодасидир. «Биз ёшларнинг меҳнатини қадрлаймиз. Уларнинг ҳар бир ютуғи – халқимиз фахри,» – дейди давлатимиз раҳбари мукофотларни топшириш маросимида.

Ёшларга эътибор мамлакат миқёсида бўлгани каби, ҳар бир ҳудудда, айниқса, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам яққол сезилмоқда. Бу йилги тақдирланганлар қаторида Қорақалпоғистондан чиққан истеъдод эгалари ҳам бўлиб, бу фахрли ҳолат бўлди. Мисол учун, «Келажак бунёдкори» медали билан Жамшидбек Исмоилов Рашид ўғли – Тўрткўл туманидаги «Навоий» маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси, Нодира Абдуғаниева Абдиназар қизи – Қорақалпоқ давлат университетининг 1-босқич магистранти, шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрининг ёш драматурги, саҳна устаси Ислом Эшниязов Сапарбаевич Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди. Бу ёшлар – биргина мисол. Яна кўплаб илмга чанқоқ, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлган бир гуруҳ мамлакатимиз зиёлилари бу рўйхатни давом эттиради.Бу ёшлар нафақат шахсий ютуқлари билан, балки жамиятга, халқига наф келтираётгани учун мукофотланди. Ана шундай ёшлар Янги Ўзбекистоннинг асосий кучидир.

Мукофот – нафақат рағбат, балки масъулият. Давлат мукофоти – бу шунчаки нишон ёки медаль эмас. Бу – масъулият, халқ ишончи белгиси. Президентимиз мукофотни топширар экан, қуйидаги сўзларни ифтихор, қалбдан чуқур қувонч туйғулари билан айтди: «Сизлар кўпларга ўрнак бўласиз. Биз сизга қараб фахрланамиз.» Бу сўзлар, ўз навбатида, мукофотланган ёшлар қалбига масъулият, ғурур ва куч-ғайрат бағишлади. Янги имкониятларга йўл очди. Айниқса, Қорақалпоғистонда фаолият юритаётган ёшлар учун бу – алоҳида илҳом манбаига айланиши шубҳасиз. Ёшлар меҳнатини кўра билиш, қадрлай билиш – давлат сиёсатининг асоси. Бу йил мукофотланган ёшлар – бизга меҳнатсеварлик, ватанпарварлик ва эзгулик йўлида қандай юриш кераклигини амалда кўрсатди.Улар бугун юлдуз эмас, йўлчи юлдуз. «Ҳар бир мукофот – миллионлаб ёшларга ишора: сенга ҳам ишонишади, сен ҳам қила оласан,» деган маънони англатади.

Ушбу тарихий учрашув – нафақат фикр алмашинув, балки ёшлар тақдирига бўлган масъулият, меҳр ва стратегик ёндашув ифодаси бўлди. Давлатимиз раҳбари ёшларнинг нафақат истеъмолчи, балки ислоҳотчи, бунёдкор ва етакчи бўлишини хоҳлайди. Энди навбат ёшларники – имкониятдан унумли фойдаланиб, Ватан келажагини барпо этиш навбати.

Бу учрашув тарих саҳифасида ёшлар сиёсатининг янги босқичи сифатида ёзилади. Унда илгари сурилган ҳар бир фикр, ҳар бир топшириқ – ислоҳотларнинг нақадар ҳаётий, халқчил ва замонавий эканидан далолат беради. Президент ишончини оқлаш эса ҳар бир ёшнинг шарафли бурчи.

С.Сулаймонов,

ҚДУ, Тарих фанлари доктори, профессор

А.Сарсенбаева ҚДУ ўқитувчиси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги