Ёшлар учун 60 та тўгарак фаолият юритмоқда

Беруний туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактабида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг “Долзарб 90 кун” дастури доирасида мактабда барча тўгарак машғулотлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Ҳозирги кунда “Баркамол авлод” болалар мактабидаги 60 та тўгаракда 2366 нафар бола қатнашиб, ўз қобилияти ва қизиқишларини ривожлантиришмоқда.

Тўгараклар орасида шахмат-шашка, ёш пазанда, рус тили, оила ҳамшираси, флористика ва фауна, заргарлик ва бижутерия, бичиш-тикиш, компьютер графикаси ва дизайн каби йўналишлар мавжуд. Шунингдек, яна бир қатор тўгараклар ҳам ёшлар хизматида.
Мактабда яратилган шароитлар болаларнинг билим ва қобилиятини намоён этишига, уларни янги касбларга қизиқтиришга кенг имконият яратмоқда. Машғулотлар тажрибали мутахассислар томонидан ўтказилади ва ҳар бир болага алоҳида ёндошилади.

Мазкур тўгараклар ёшларнинг ижодий фикрлашини ривожлантириш, бўш вақтини фойдали ўтказиш ва келажакда мутахассис бўлиб етишишига замин яратиб бермоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги