Қўнғиротдаги янги ишлаб чиқариш лойиҳаси

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ишчи гуруҳи яқинда Қўнғирот туманига бориб, ҳудудда амалга оширилаётган саноат ва аграр лойиҳалар билан танишди. Ташриф давомида «QO‘NG‘IROT GOLDEN EGG» МЧЖ паррандачилик хўжалигида бўлди.
2023 йилда ташкил этилган «QO‘NG‘IROT GOLDEN EGG» МЧЖ бугунги кунда замонавий паррандачилик хўжалиги сифатида фаолият кўрсатмоқда. Корхона раҳбари Улуғбек Асановнинг маълум қилишича, хўжалик тухум етиштиришга ихтисослашган бўлиб, унда Германияда етиштирилган «Lohman Sandy» наслли товуқлар парваришланмоқда. Ушбу қушлар Қонликўл туманидаги «Агро Бизнес Қонликўл» МЧЖ орқали олиб келинган. Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард сўмни ташкил этади.
Ҳозирда хўжаликда 32 минг бош товуқ парваришланмоқда. Яқин орада бу кўрсаткич 40 минг бошга етказилиши режалаштирилган. Паррандачилик комплекси 4,5 гектар майдонда жойлашган бўлиб, йилига 7,5 миллион дона тухум етиштириш қувватига эга. Корхонада айни пайтда 10 нафар маҳаллий фуқаро доимий иш билан таъминланган.
Ишчи гуруҳ корхонадаги муаммоларни тинглаб, ечимлари бўйича тавсиялар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.