Муаммоларга ечим изланди

254

Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар фаолиятида юзага келаётган муаммоларни жойида ўрганиб, ечим топиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.

Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси томонидан жойларда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар йўлга қўйилган бўлиб, навбатдаги учрашув Амударё туманида бўлиб ўтди.

Хусусан, тадбиркорлар томонидан солиқ имтиёзларидан фойдаланиш тартиби, солиқ ҳисоботларини тақдим этишдаги муаммолар, қурилиши тугалланмаган объектларга солиқ ҳисоблаш, шунингдек, ҚҚС бўйича тескари фарқ суммасининг қайтарилиши каби долзарб масалалар кўтарилди.

Шу каби юзма-юз мулоқотларда тадбиркорлар муаммоларига бевосита ечим топиш, давлат идоралари ва тадбиркорлар ўртасидаги ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Очиқ мулоқотда муаммоларга ечим изланиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.