Қадрли фарзандларим!

Аввало, сиз, азиз ўғил-қизларимни,сизларнинг тимсолингизда бутун Ўзбекистон ёшларини қутлуғ айём – Ёшлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Сиздекнавқирон авлод вакилларини бугун мана шундай аъло кайфиятда кўриб турганимдан бениҳояхурсандман.

Кейинги йилларда иқтисодиётимиз тез суръатлар билан ўсиб, барча соҳаларда имкониятларимиз ортиб бораётганида, ҳеч шубҳасиз, сизёшларнинг ҳам муносиб ҳиссангиз бор.

Бир сўз билан айтганда, бизнинг бебаҳобойлигимиз ҳам, келажак учун энг катта дивидендимиз ҳам, ёшлар, десак, тўғри бўлади.Билагида куч-ғайрат, ҳар бир ҳаракатида азму шижоат жўш урган йигитларимизни, билим ваодобда, ақл-заковатда тенгсизқизларимизни кўриб, ҳар қандай халқ, ҳар қандай давлат бизга ҳавас қилса арзийди.

Катта-катта давлатлар, дунёнинг энг нуфузли компаниялари бугун бизга нега ишонмоқда? Нега миллиардлаб доллар инвестициялар киритмоқда?

Бу, албатта, бежиз эмас.Чунки, ҳамкорларимиз
ёшларимизнинг илм-фан,таълим,IT,маданият,санъат ва спортдаги ютуқларини кўриб, салоҳиятимизга баҳо бермоқда,эртанги кунимиз пойдевори мустаҳкам эканига ишонч ҳосил қилмоқда.

Бизислоҳотларимизни бошлаган илк кунларданоқ “илм – тарбия – инновация” занжирини яратишга киришдик.Бу йўлдаги ҳаракатларимиз бугун аниқ натижалар бермоқда.

Мана, бир мисол. Ўтган йили юртимиз ёшлари ТОП-500 таликолийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.Билимли ёшларимиз илк борТОП-5таликдаги олийгоҳларга кириб, тарихий натижа қайд этганлари ҳам барчамизни қувонтиради.Бугунги кунда 30 нафарёшларимиз дунёнинг ТОП-10 талик олийгоҳида, 500 нафари ТОП-100 ва 1 минг500 нафариТОП-300 таликдан жой олган нуфузли университетларда таҳсил олмоқда.

Ушбу муҳташам залда ўтирган Жасурбек Умаров – Гарвард университетига, Рухшона Собирова – Пенсильвания, Асилбек Ашуров – Чикаго университетига бу йил 100 фоиз грант асосида ўқишга киргани таълимдаги ислоҳотларимиз нақадар натижадор бўлаётганига яққол далилдир.

Яқинда бутун юртимизда барчамиз узоқ кутган катта футбол байрами бўлиб ўтди. Халқимизнинг 34 йиллик орзуси ушалди – миллийтермажамоамиз тарихда илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

Яқин-яқингача умрини пахта даласида ўтказган оддий оила фарзандлари илмда, спортда, бошқа соҳаларда бундай юксак марраларни эгаллашини тасаввур қилиш ҳам қийин эди.Биз ёшларимиз учун шароит яратдик,улар бундан унумли фойдаланиб, баланд чўққиларни забт этмоқда.

Бугун сизлар каби зеҳни ўткир, меҳнатсевар ва фидойи фарзандларимга қараб, орангиздан физика, кимё, тиббиёт, иқтисодиёт, адабиёт бўйича янги Хоразмийлар, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек ва Навоийлар етишиб чиқишига албатта ишонаман.

Биринчи ваИккинчиРенессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда. Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз.

Сизлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатидаянги тарих яратадиган олтин авлодсиз!

Фурсатдан фойдаланиб, мана шу қувончли айёмдаВатанимиз равнақи йўлидаинтилиш, илм олиш ва меҳнат қилишдан чарчамайдиган барча ёшларимизга, билимли, тарбияли ва соғлом фарзандларни камолга етказаётган ота-оналарга, катта ҳаётга қадам қўйишларида ёшларга энг яқин маслаҳатчи бўлаётган ҳурматли устоз ва мураббийларга самимий миннатдорлигимнибилдираман.

Азиз ўғил-қизларим!

Ҳозирги вақтда дунё қандай нотинч, қандай мураккаб бўлиб бораётганини кўриб турибмиз.Тинчлик – энг буюк неъмат, инсон қадрива адолат – энг олий қадрият эканини ҳар қачонгидан ҳам чуқур ҳис этмоқдамиз.

Алишер Навоий бобомизнинг “Билим хазинасини ёшликда тўпла, деган сўзларида албатта жуда чуқур маъно бор.Чиндан ҳам, илм ва маърифат биланқуролланган,ватанпарвар халқ ҳар қандай синовлардан муносиб ўта олади.Юксак билимли, дунёқараши кенг,замонавий фикрлайдиган, технологикжиҳатдан саводхон ёшлари кўп бўлганюртда тинчлик ва тараққиёт,ўзаро жипслик ҳамиша барқарор бўлади.

Ёшларимизга сифатли таълим ва тарбия бериш, замонавий касб ва ҳунарлар, хорижийтилларни ўргатиш, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун зарур шароитлар яратиш – энг асосий вазифамиз ва бурчимизга айланган.

Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, ҳудудининамунали қилган вилоят ва туманларимиз кўп.Мисол учун, ёш тадбиркорларимиз ташкил қилган 261 та корхонанинг йиллик обороти 100миллиардсўмдан ошди.

Илгарибу борадафақат Тошкент шаҳриякка ҳолда пешқадамликқилган бўлса, бугунги кунга келиб Тошкент вилояти, Самарқанд, Андижон, Наманган ва Фарғона ёшларининг бизнесдаги натижалари ҳам пойтахтдан қолишмаяпти.

Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Навоий,Сирдарё ва Хоразмёшлар бандлигини таъминлаш бўйича илғор ҳудудларга айланди.Ёкиёшларнинг олийгоҳга кириш кўрсаткичи бўйича Сурхондарё бир йил давомида 11-ўриндан 4-ўринга кўтарилиб, катта сакрашга эришди.Жиззах ва Сирдарёвилоятлари ҳамбу борада яхши натижа кўрсатмоқда.

Икки йил олдин халқаро фан олимпиадаларида 7 та ҳудуддан 45 нафар ўқувчи соврин олган бўлса, ўтган 6 ойда уларнинг сафига Жиззах, Андижон, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент вилоятлари ўқувчилари ҳам қўшилиб, жами 166 та медаль қўлга киритилди.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 минг нафар ёш ўқитилди.Айниқса, Хоразм,Қашқадарё ва Самарқандда  ёшларимизIT соҳасида катта даромад топишга эришаётгани эътиборлидир.

Бошқа бир мисол. Ўтган йили 150 мингдан зиёд ёшларимиз халқаро тил сертификатларини олди. Бу – 2023 йилга нисбатан 2 баробар кўп.Хорижий тилларни мукаммал билиш (Си-1) бўйича Тошкент шаҳри, Фарғона,Наманган, Бухоро ваСамарқандвилоятлари ёшлари анча илгарилабкетганини таъкидлаш лозим.

Катта салоҳиятга эга бўлган туманлар ёшларни тилга ва замонавий касбларгаўргатиб, ишли қилиш, олий таълим билан қамраб олиш бўйича Бектемир, Зафаробод, Қоровулбозор ва Арнасойдан ўрнак олиши керак.

Шу ўринда 2 тамасалага алоҳида урғуберибўтмоқчиман.

Биринчидан, албатта,ёшларнинг тилини ёшлар тушунади, улар бир-биридан ўрнак олади,бир-бирига мотивация беради.

Шубоис,9 мингдан зиёд маҳаллада ёшлар етакчиларини тайинладик. Улар уч йил давомидакўп нарсани ўрганди, етарли тажриба орттирди.Энди улармактаб, техникум, тил ва касбмарказлари билан ҳам ишлашни ўрганишлари лозим.

Ёшлар етакчилари ҳар ҳафта мактабдиректорлари, синфраҳбарлари,ота-оналар билан учрашиб, қўшимча тил
ва касбларгақизиқиши,ишлашга хоҳиши бор ўқувчиларни аниқлайди,ҳокимёрдамчиларикўмагидаўз ҳудудидаги корхоналар, тил ва касб марказлари билан гаплашиб, ўқувчиларниуларга боғлаб беради,спорт ва фанларгақизиқадиганларни тўгаракларга жалб этади.Ушбутадбирлар учун “Ёшлар дафтари” орқали берилган маблағларни ишлатади.

Иккинчидан,маҳаллаларимизда167 минг нафар уюшмаган ёшларимиз,тарбияси оғир ваҳуқуқбузарлик қилган 17 минг ўқувчи борлиги ҳаммамизни ўйлантиришикерак.

Айниқса, кўп соҳаларда илғор бўлганАндижон, Хоразм, Қорақалпоғистон ваБухорода бундай ёшларнинг улуши юқорилиги уларга албатта ярашмайди.

Кейингипайтда ёшлар орасида гиёҳвандлик, руҳиятга таъсир қиладиган “таблетка”лар истеъмол қилиш тарқалиб бораётгани мудҳиш бир бало, десак, тўғри бўлади.

Шуўриндаянги сайланган маҳалла раисларига мурожаат қилмоқчиман. Маҳалладаги тинчлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, соғлом муҳит кимга боғлиқ? Аввало, сизларга боғлиқ.Маҳалла раиси фақатгина“оқсоқол” эмас, ёшларнинг энг яқин дўсти, сирдоши, кўмакдоши. Маҳалла раиси– бу маҳалланинг виждони.Маҳаллада битта бўлса ҳамболанинг нотўғри йўлга кириши сизлар учун фавқулодда ҳолат бўлиши керак.

Шунинг учунҳар бир бола ҳақида, унинг тақдири, келажаги ҳақида аввало сизлар кўпроқ қайғуришингизлозим.Маҳалла раислари ёшлар билан тез-тез мулоқот қилиб, ишсиз юрганини маҳалласидаги 10-20 нафар яхши тадбиркорга боғлаб қўйса, илм оламан, ITбилан шуғулланаман, китоб ўқийман, спортга бораман,деганига шароитяратиб берса, биласизларми, вазият қандай ўзгаради, ота-оналарнинг оғирини қанча енгил қиламиз! Бундай эзгу ишларимизЯратганга ҳам, халқимизга ҳам албатта маъқул бўлади.

Сизлар бувазифаларни уддалашингизга ишонаман.Бунинг учун сизларда билим ҳам, тажриба ҳам, куч-ғайрат ҳам етарли. Энг муҳими, одамлар сизларга ишонади, сизларга эргашади.

Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олишимиз зарур. Боланинг ёмони бўлмайди. Уларга катталарнинг меҳри, имкониятларини намоён қилишлари учун шароит, ўзига ишонч бўлиши учун мотивация керак.

Мисол учун, Тадбиркорлик жамоатчилик кенгашиаъзолари – 108 нафар “чемпион” тадбиркоримиз ўзларининг 308 такорхонаси атрофидаги мактабларга бориб, юқори синф ўқувчиларини касбга қизиқтираётганитаҳсинга сазовордир.

Энг муҳими, бу ўқувчиларнинг аксарияти келажакда ҳаётини қайси касб билан боғлаш ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмоқда.

Бундай ташаббускор, фидойи, ватанпарвар тадбиркорлар – менинг қанотларим. Уларнинг кўпчилигини бугун мана шу залда кўриб турибман.

Айтинглар, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни касбга етаклаш, ишли ва даромадли қилиш учун сизларга яна қандай шароитларяратиб беришим мумкин?

Азму шижоатли тадбиркорларимиз ҳокимлар билан учрашиб, таклифларини тез кунда шакллантириб берса, уларнингбарчасини кўриб чиқишга тайёрман.

Шу билан бирга, республикамиз бўйича 15 мингга яқин ўқув ва 7,5  мингта касбга тайёрлаш марказлари мавжуд. Сўнггийилларда улар учун 100 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар бердик.

Фурсатдан фойдаланиб, бундай марказларга, уларнинг фаолларига ҳам мурожаат қиламан.

Сизлар ҳозирги кўрсаткичларингиз билан чекланиб қолманг, фаолиятни кенгайтириб, замонавий касблар ва хорижий тилларни ўрганаётган ёшларнибир неча карра кўпайтиринг, бунинг учун сизларга яна қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб бераман.

Мен ҳокимлардан бир масалани ҳамиша талаб қилиб келаман, бундан кейин ҳам талаб қиламан.

Вилоят ва туман ҳокимлари ҳар бир болага ўзфарзандидек қараб, уларнинг соғлиғи, ўқиши, юриш-туриши, қизиқиши ва орзу-интилишлари, муаммоларидан доим хабардор бўлиши зарур.Улар ёшлар билан мунтазам мулоқот платформасини йўлга қўйиб,мактаб, олийгоҳ, ўқув ва касб марказлари, тадбиркорларнинг бошини қовуштириб, ёшларга кўмаклашадиган янги бир тизим яратса, албатта натижа бўлади.

Бу ишлар “кампаниябозлик”каайланиб кетмаслиги, бўлаётган ўзгаришларни ҳар бир маҳалладаги ҳар бир ёш ҳар куни чуқур ҳис этиши зарур.

Давлат хавфсизлик хизмати(Ж.Жўраев)бунинг устидан таъсирчан назорат ўрнатади.

Ана шундаЯнгиЎзбекистонда таълим олмаган, ишсиз, касб эгалламаган, бир сўз билан айтганда, уюшмаган ёшлар деган тушунчаларнинг ўзи қолмайди.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Хабарингиз бор, февраль ойидаги учрашувимизда ёшлар учун 40 дан зиёд янги ташаббусларни эълон қилиб, қарийб 500 миллион долларажратдик.Ёшлар учун, уларнинг истиқболи учун бугун киритилган маблағ, инвестиция, эртага албатта ўн, юз, минг баробар бўлиб қайтади.

Сизлар илм олинг, янги-янги ғоялар беринг, кашфиёт ва лойиҳаларқилинг,изланиш ва ҳаракатдан чарчаманг!Мен сизларни доимо қўллаб-қувватлашга тайёрман!

Бу йил 35 миллиарддолларлик8 минг300 та лойиҳани ишга тушириб, 292 мингтаянги ишўрни яратдик. Яна 500 мингта иш ўрни яратадиган 83 миллиард долларлик лойиҳаларни бошлаймиз.

Масалан, энергетикада – 20 миллиард, нефть-газ ва кимёда – 11 миллиард,тоғ-конда – 7 миллиард, электротехника ва автомобилсозликда 4,5 миллиард долларлик минглаб корхоналар ишга туширилади.УшбулойиҳаларҚорақалпоғистонданАндижонгача, СурхондарёданТошкентгача– барча ҳудудлардаамалга оширилади.

Ана шундай ишларимиз бошланиши билан“яшил” иқтисодиёт, “яшил”энергия, рақамли геология, технологик минераллар, биоинженерия йўналишларида минглаб мутахассисларга талаб пайдо бўлади.Афсуски, бундай юқори малакали мутахассисларўзимизда етишмагани боисҳозиргивақтда уларни четдан олиб келяпмиз.

Янги технологиялар асрида ким ютади? Фақат креатив фикрлайдиган, замонавий билим ва касбларни эгаллаган мутахассислар ютади.Бугун сизлардаги ғайрат-шижоатни кўриб турибман, албатта сиз, азиз ёшлар бу корхоналарни бошқариб,катта-катта кашфиётлар қиласиз, уларга инновацияларни олиб кирасиз.

Шу сабаблиҳозирданоқ бундай лойиҳалар бўйича кадрлар тайёрлашни бошлаймиз.

Қадрли юртдошлар!

Хабарингиз бор, яқинда “Гарвардчилар” мактабини очиш бўйича катта фармонни имзоладим.Бу муассаса Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида фаолиятини бошлаб юборди.Ушбу халқаро мактабгабу йилги 8-синфбитирувчилари орасидан 60 нафар ўқувчини саралаб олиб, 3 тайўналишда ўқитамиз.

Ҳали қабултугамасидан битта ўринга 275 нафар ўқувчи талабгор бўлмоқда. Биз ушбу ўринларни келгусида бир неча карра кўпайтирамиз.Умуман,Миллий дастур асосидаҳар йилиэнг салоҳиятли3 минг ўқувчи селекция қилиниб, Гарвард, Йель, Колумбия, Корнелькаби дунёнинг нуфузли олийгоҳларига тайёрланади.Шунданкамида 300 нафариэҳтиёжманд оила фарзандлари бўлади.

Бугунги кунда “Таълим – келажак сармояси”, деган эзгу ғоя жамиятимизда катта ҳаракатга айланмоқда.Нуфузли хорижий олийгоҳларга кираётган барча ёшларимиз ҳам 100 фоизлик грант олиш имкониятига эга эмас. Бу табиий, албатта.

Яқинда “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятинитакомиллаштирдик.ЭндиТОП-300 талик олийгоҳга кирганлар учун ўқиш ва яшашхаражатини қоплаш тизими янги тартибда ишлай бошлайди.

Энг аввало, STEAM – илм-фан, технология, муҳандислик ва математикайўналишлари,энергетика, транспорт, урбанизация, архитектура, қурилиш,қишлоқ ва сув хўжалиги кабидрайвер соҳалар учун квоталарнибир неча карра оширяпмиз.

Биз яна бир масалани ҳал қилдик – эндибанкларТОП-300 таликолийгоҳга кирган ёшларимизга20 мингдолларгачаимтиёзликредитберади.

Яна бир муҳим йўналиш – сунъий интеллектни ривожлантириш бўйичабанк-молия, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва энергетикани устувор соҳалар сифатида белгилаб, 100 талойиҳани амалга оширамиз.Бу борада яна катта-катта режаларимиз бор.Хусусан, қадриятларимиз ва маданиятимизни ўзида ифода этадиган сунъий интеллектнинг миллий моделини ишлаб чиқишни бошладик.

Аминманки, бу ишларимиз бой тарихимиз ва замонавий ёндашувларни ўзида уйғунлаштириб, ёшларнинг янги креатив ғояларини шакллантиришга хизмат қилади.Бу тизимсамара бериши учунБирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастурини ишга туширяпмиз.

Шу йилнинг ўзида“AI Study”платформаси орқали камида 100 минг ёшларимиз сунъий интеллект технологиялариниўрганади.Ишонаман, буянги лойиҳа ҳисобидансунъий интеллект соҳасида рақобатбардош ваюқори малакали мутахассисларимиз янада кўпаяди.

Ҳозир кунда мактабларимизда 19 минг500 нафаринформатикаўқитувчиси бор. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги иккиойда дунёдаги биринчи рақамли Массачусетстехнологияинститутинингсунъий интеллект таълим дастуриасосида ўқув дастурларимизни янгилайди.

Ҳар бир вилоятдан100 нафаринформатикаўқитувчисини танлаб, бу йилЯнги Ўзбекистон университетидаушбу дастурга ўқитади.Ушбу ментор ўқитувчилар ўз ҳудудидаги қолган информатика ўқитувчиларини иккийил давомида каскадусулидатайёрлайди.Бу орқалибеш йилдабарчамактаббитирувчиларисунъийинтеллект бўйича етарлибилимолади.

Яна бир йўналишга эътиборингизни қаратмоқчиман. “Рақамли авлод қизлари” танловида таълим, сунъий интеллект,“яшил” иқтисодиёт, иқлим ўзгариши кабисоҳаларда7 минг ўқувчи ва талабанинг120 та стартап лойиҳаситанлаб олинди.

IT соҳасинингбошқа касблардан устунлиги нимада, биласизларми? Яхши компьютер,интернетва кўникмабўлса, барча ишни уйда бажарса бўлади.Битта тикув машинасининг пулига озгина қўшиб,яхши компьютер олиб берилса, қизларимиз уйда ҳам минг долларгача даромад топади.

Шу боис, бу йил камида 50 мингнафар қизимизни“Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси билан қамраб оламиз.Рақамлаштириш вазирлиги (Ш.Шерматов) ва Миллий банк (А.Мирсоатов) йил якунигача IT ва тил сертификатибор ёшларни кафолатли ишга жойлайдиган тизим яратади.

Биз стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизим яратдик.Уларни молиялаштиришга145 миллион долларвенчур сармоя киритилди.Бу рақамни 1 миллиард долларга етказамиз.Энди бу ишларнимактабдан бошлаймиз.Ўқувчилар учун “моҳирлик ва бизнес соати”киритилиб, уларнингғоясинистартапгаайлантиришга100 миллиард сўмгрантажратамиз.

Олийгоҳлар ўртасида ҳамстартаплар бўйичаҳар йили “Энг яхши креатив ғоя” танлови ўтказилиб, ғолибларга олийгоҳ жамғармасидан300 миллионсўмгачагрант берилади.Стартапни прототипга айлантириш ва синовдан ўтказиш учун Инновация агентлиги ва IT парк“R&D” марказини очади.Бундаэнг яхшилойиҳалар бўйичапрототип яратиш харажатининг50минг долларгача қисмиЁшлар венчуржамғармасидан қопланади.

Савдо-саноат палатасиҳар йилиинвесторлар, йирик корхонава стартап лойиҳаларинингташаббускорлари иштирокида ҳам “Стартап-экспо” кўргазмасини ўтказиб боради.

Ҳозирги кунда тоғ-кон, агросаноат, тўқимачилик, кимё, электротехника, қурилиш материалларисоҳасида1 миллионёшлар меҳнат қилмоқда.

Энди саноат, сервис, тадбиркорлик ва қишлоқхўжалигида бандёшларнинг касбий ривожланиши бўйича ҳам тизим яратамиз.Ҳар бир касб йўналиши бўйича айнан ёшлар ўртасида республика мусобақалари ўтказилади.Бунда давлат корхоналари ва хусусий сектор вакиллари теппа-тенг иштирок этади.

Тармоқ раҳбарлариҳар йилиўз тизимидаги100 нафарёшни селекция қилиб, хорижий стажировкага юборишни йўлга қўяди.Бунинг учунҳар бир тармоқ 10 миллиард сўмдан ажратади. Бу маблағларни солиқ солиш базасидан чегириб ташлаймиз.

Бунга Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов)бош-қош бўлади.

Кейинги пайтда ўқишга кира олмаган мактаб битирувчилариҳамдатехникум ва олийгоҳларни тугатаётган талабаларни бандэтиш бўйича 2 таалоҳида дастур қабул қилдик.Шу мақсадда“Алоқабанк” ва Миллий банкка 300 миллион доллар ажратилди.Улар “Ёшлар бизнеси” дастури доирасида 100 мингёшларни, “Келажакка қадам”дастури орқали 140 минг олийгоҳ битирувчисини даромадли иш билан таъминлашга масъул бўлади.

Йил якунидақанча ёшни ишли қилгани бўйича “Алоқабанк” (К.Ирисбекова) ва Миллий банк (А.Мирсоатов) ҳисоботини ўзим қабул қиламан.

Бандлик вазирлиги, Савдо-саноат палатаси Миллий банк билан бирга йил якунигача олийгоҳ, техникум, касбий таълим битирувчиларини иш берувчилар билан боғлайдиган платформани ишга туширади.

Бандлик, Мактаб, Олий таълим вазирликлари “Ҳаракатда даромад” электрон тизимини яратиб,таътилдаги 3 миллион ёшларни малака талаб қилмайдиган ишлар билан банд қилади.

Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов), Савдо-сервис уюшмаси (З.Ҳошимов) ҳар йили юқори синф ўқувчиларини касб танлашга қизиқтириш ва кўмаклашиш мақсадида “Менинг касбим” республика танловини ўтказади.

Миграция агентлиги (Б.Мусаев) қайси мамлакатда қайси касб ривожланган бўлса, ғолибларни ўша давлатга кўникмасини ошириш учун юборади.

Кичик бизнесга қўшимча шароитларни яратиш устида ишлаяпмиз. Буни яқинда эълон қиламиз.

Сўнгги етти йилда бошқарув кадрлари таркиби анча ёшариб, 40 ёшгача бўлган раҳбарлар улуши 37 фоиздан 65 фоизга ошди.Биз ЯнгиЎзбекистонда “халқ хизматидаги давлат” тамойилини рўёбга чиқаришдасиз каби иқтидорли, жонкуяр ва етакчилик қобилиятига эгабўлган ўғил-қизларимизга таянамиз.

Шу боис, ўтган ойда истиқболли кадрларни тайёрлаш ва давлат бошқарувига жалб этиш бўйича муҳим фармонни имзоладим.Энди Давлат бошқаруви академиясида “Келажак лидерлари”дастури бўйичаҳар йили100 нафар салоҳиятли ёшлар ўқитилади.Бу ёшлар вазир ва ҳокимларга бириктирилади, икки ой уларнинг ёнида юриб, тажриба орттиради. Кейинбир ойгахорижий стажировкага юборилади.Дастурни тамомлаган ёшлар раҳбарлик лавозимларига асосий номзод бўлади.

Ёшларимизнингкитоб ўқишга қизиқишини оширишдатанловлар муҳим роль ўйнамоқда.

Биргина мисол, Муҳаммад Хоразмийномидаги мактабнинг 8-синф ўқувчиси Дилбар Ҳайдарова “Ёш китобхон” танловида ғолиб бўлиб, ота-онасига Президент соврини–автомобиль совға қилди.

Дилбархон қизим, сен ўз мисолингда инсон чин дилдан ҳаракат қилса, кўп нарсага эриша олишини исботладинг, бу йўлда кўпчилик учун намуна бўлдинг.Бунинг учун катта раҳмат сенга!Сенивояга етказган ота-онангга ҳам алоҳида миннатдорлик билдираман.

Ёшларнинг актёрлик, мусиқа, китобхонликка қизиқишини ошириш учун “Турон” театри, “Иқтидор ансамбли”, “Жадидлар изидан” каби танловлар ўтказилиб, уларда400 минггаяқин ўқувчи иштирок этди.

Энди танловларда ғолиб бўлган жамоаларчекка ҳудудлардаги мактабларга мунтазам бориб, ўз чиқишлари билан тенгдошларинимаданият ва санъатга қизиқтиради.Бунинг учун вилоят ҳокимларибиттадан автобус олиб беради.Республика танлови ғолибларига маданият ва санъат олийгоҳларига киришда имтиёз берилади.“Иқтидор” мактаб ансамбли танловининг вилоят босқичи ғолиблариБолалар ва мусиқа санъат мактабларида бепул ўқитилади.

Ёш авлодни турли зарарли таъсирлардан асраш, уларга ахборот маконида фойдали, мазмунли маълумотларни етказиш ва тарғиб қилиш доим эътиборимиз марказида бўлиши зарур.

Шу мақсадда Болалар контентини ривожлантириш марказини ташкил этдик.Ушбу марказ миллий маданият, санъат, адабиёт, тарих ва маънавий қадриятлар асосида болаларга мўлжалланган тарбиявий контентлар яратиш учун масъул бўлади.

Жорий йилдан бошлабмаҳаллаларда ўтказилган“Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спортмусобақаларида 244 минг нафар йигит-қизиштирок этди, 1 миллиондан зиёд ёшлар эса уларни катта қизиқиш билан кузатиб борди.

Бир сўз билан айтганда, бу беллашувлар ватанпарварлик, жасорат ва жипсликни тарғиб этадиган муҳим ҳаракатга айланди.

Мамлакатимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини кўз қорачиғидек асрашда сиз, азиз ёшларимизга таянамиз.

Унутманг, мустақиллик – бу шунчаки расмиймақом эмас, балки ҳар бир ёшга ўз тақдирини ўзи белгилаш имконини берадиган буюк неъмат.

Мана, 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи”да “Миллатфидойилари” монументини очдик. Бу ерда эл-юртимиз тинчлиги йўлида азиз жонини фидоқилган196 нафармард ва жасур ҳарбийларимиз, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг номлари муҳрланган.

Ёшларимиз учун ватанпарварлик, мардликва шон-шараф мактабини англаш, уларни қаҳрамонлик руҳида тарбиялашда
бу масканнинг аҳамияти жуда катта.

Вазирлар, ҳокимларушбу қутлуғ масканга ёшларникўпроқолиб борса, улардаВатангамуҳаббат ва садоқаттуйғусиянада юксалади.

Ёшларга оид ислоҳотларимизнихалқаро ҳамжамият ҳам кенг эътирофэтмоқда.Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти“Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлатқаторига кирди.Ёшлар тараққиёт индексида мамлакатимиз ёшлар сиёсати соҳасида энгтезсуръатлар билан ривожланаётган давлат,деб топилди.Бухоро шаҳри – Туркий дунёёшлари пойтахти, Тошкент шаҳри –Мустақил ДавлатларҲамдўстлигиёшлари пойтахтимақомини олди.

Шукунларда юртимизда ўтказилаётганГлобал ёшлар фестивалида 30 данортиқ давлатдан келган 300 нафардан зиёдёшлар, 10 данортиқнуфузли халқаро ташкилотлар вакилларииштирок этмоқда.

Ишончим комил, ушбу форум нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё ёшлари учун самарали ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилади.

Мен бугун “Креатив иқтисодиёт”, “Рақамли “яшил” ташаббуслар”, “Ёшлар тадбиркорлиги ва стартаплар” ва “Ёш инноваторлар” майдончаларидаги ўғил-қизларимиз билан мулоқот қилиб, ҳозирги ёшларимиз – Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий бунёдкорлари эканига яна бир бор амин бўлдим.

Мен сизлар билан фахрланаман!

Сизларнинг ҳар бир ютуғингиз бу – кўпмиллатли бутун халқимизнинг ютуғидир.

Азму шижоатингиз, соғлом дунёқарашингиз, бахту иқболингиз – миллионлабота-оналар, устоз-мураббийлар, яқинларингизнинг ҳам бахту саодатидир.

Азиз фарзандларим!

Ёшликда олинган билим – тошга ўйилган нақш, келажак учун пойдевор дегани. Пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, ҳаётингиз, бахтингиз биноси шунчалик муҳташам бўлади.

Ёшликдаги ҳаракат бу – келажакдаги ютуқ дегани.

Ёшликда орттирилган дўст – бир умрлик ҳамкор, таянч ва суянч дегани.

Ҳеч қачон унутманг, фарзандлари билимли, соғлом, мард ва жасур, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг келажаги албатта ёруғ бўлади.

Мен бутун Ўзбекистон ёшлари ана шундай фазилатлар эгаси бўлишини тилайман.

Ишончим комил, бизбутун халқимиз билан, сиз, азиз фарзандларим билан улуғ мақсадларимизга албатта етамиз!

Янги Ўзбекистоннибарчамиз биргаликда албатта барпо этамиз!

Бугунги айём билан сизларни яна бир бор табриклайман,барчангизга омад ва зафарларҳамроҳ бўлсин!

Доимо соғ-омон бўлинглар!

–0–